WBA профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Муроджон Аҳмадалиевга (9-0, 7 КО) жаҳон чемпионлик камари ҳимояси учун мажбурий даъвогар Ронни Риосга (33-3, 16 КО) қарши мажбурий жанг учун муддат белгилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Ёзилишича, ташкилий қўмита Муроджон Аҳмадалиев ва унинг жамоасига 6 майга қадар муддат берган. Ташкилот низомига мувофиқ Муроджон Аҳмадалиевнинг чемпионлик ҳимояси муддати 2021 йилнинг 29 январь куни якунига етган, аммо WBA боксчига биринчи навбатда ҳимоя қилиши лозим бўлган IBF камари учун мажбурий ҳимоя имконини тақдим этганди.

Низом бўйича Аҳмадалиев мажбурий ҳимоядан 60 кун муддат ўтгач, камарга мажбурий даъвогар бўлмаган боксчига қарши рингга чиқиши мумкин эмас. Шу мақсадда WBA январь ойи рейтингидан бошлаб мажбурий даъвогарга айланган Ронни Риосга қарши мажбурий ҳимоя бўйича санкция эълон қилди.

Агар томонлар 6 майга қадар келиша олишмаса, WBA ушбу жангни ўтказиш бўйича кимошди савдоларини эълон қилади. Жанг учун энг кўп пул таклиф қилган томонга жангни ташкил қилиш имконияти берилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Муроджон WBA чемпионлик камари учун мажбурий даъвогарга қарши АҚШда рингга чиқиши ва шундан сўнг бирлаштирувчи камарлар учун жангини Тошкентда ташкил қилиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *