Бутун дунё катта қизиқиш билан томоша қиладиган спорт тури, албаттаки, футбол ҳисобланади. Уни намойиш этишни истовчи телеканаллар катта маблағлар эвазига бу ҳуқуқни сотиб олишади. Бироқ дунёга машҳур турнирларнинг трансляцияси орқали яхшигина даромад орттириш мумкин.

Сўнгги йилларда томошабинлар қамрови жиҳатидан энг нуфузли турнир ҳисобланган УЕФА чемпионлар лигасини Узрепорт ТВ ва Футбол ТВ телеканаллари орқали намойиш этилаётганди.

2021-22 йилги мавсумдан бошлаб 3 йил давомида МТРК тасарруфидаги Спорт ТВ ушбу ҳуқуқни қўлга киритди. Қуйидаги хабар эса, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Ўзбекистон МТРК УЕФА Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, УЕФА Конференциялар лигаси, Европа Суперкубоги ва ЕЧЛ ўсмирлар лигаси мусобақаларини мамлакатимизда кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди. Янги мавсумдан бошлаб мухлислар ушбу турнирларни МТРКнинг икки телеканали – “Спорт” ва “Маҳалла” орқали томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Биз ушбу мусобақаларни уч йил давомида намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Шунингдек, Германия Бундеслигаси баҳсларини ҳам намойиш этишда давом этамиз. Осиё Чемпионлар лигаси ТВ-трансляция ҳуқуқи масаласида музокара ўтказилган бўлсада, ҳали келишувга эришилмаган», – дейди Спорт ТВ канали директори Зоҳид Каримов.

Яъни УЕФА таснифидаги барча мусобақалар Ўзбекистон МТРК орқали намойиш этилади.

Табиийки, УЕФА низомига кўра бир мамлакатдан фақатгина битта телеканал мусобақани трансляцитя қилиш имтиёзини қўлга кирита олади.

Одатда Чемпионлар лигаси ва УЕФА таснифидаги бошқа мусобақаларнинг тижорат ҳуқуқлари бўйича битимлар 3 йилга тузилади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда Узрепорт ТВ ва Футбол ТВ ОФК (Осиё футбол конфедерацияси) томонидан ташкил этилувчи ҳар қандай мусобақаларни 2024 йилга қадар намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Телеканал расмий сайтида қуйидагича хабар тарқалди:

“Миллионлаб ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг талаб ва истакларини инобатга олиб, Узрепорт ТВ телеканали Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда ўзбек клублари иштирок этадиган расмий мусобақалар, яъни Жаҳон чемпионати саралаши, Осиё Кубоги, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатлари, Осиё чемпионлар лигаси, ОФК Кубоги трансляция ҳуқуқини харид қилди.

Эндиликда юртимиздаги мухлислар миллий ҳамда U 23 терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари ва Осиё чемпионати, шунингдек, Осиё Кубогидаги учрашувларини, ўзбек клубларининг ОЧЛдаги иштирокларини севимли шарҳловчилари билан биргаликда Узрепорт ТВ ҳамда Футбол ТВ телеканалларида жонли эфирда томоша қилиш имконига эга бўладилар.

Маълумот учун, келаси йил ўтказиладиган U 23 Осиё чемпионатига Ўзбекистон мезбонлик қилади.

Шунингдек, футзал ишқибозлари ҳам телеканалларимиз орқали Осиё чемпионати финалларини томоша қилишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, аёллар футболи ишқибозлари ҳам Узрепорт ТВ ҳамда Футбол ТВ орқали аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати ўйинларини кузатиб боришлари мумкин.

Узрепорт ТВ ҳамда Футбол ТВ телеканаллари томонидан трансляция ҳуқуқи харид қилинган мусобақалар:

– Осиё Кубоги – 2023;

– ЖЧ-2022 Осиё саралашининг сўнгги босқичи;

– U 23 Осиё чемпионати (2022 ва 2024);

– Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги – 2022;

– ОФК Бирдамлик Кубоги – 2024;

– ОФК чемпионлар Лигаси – 2021, 2022, 2023 ва 2024 йилги мавсум (гуруҳ босқичи, плей-офф босқичи ва финал);

– ОФК Кубоги – 2021, 2022, 2023, 2024 (гуруҳ босқичи, плей-офф босқичи ва финал);

– U 20 Осиё чемпионати – 2023 финали;

– U 17 Осиё чемпионати – 2023 финали;

– Аёлар ўртасидаги U 20 Осиё чемпионати – 2022 ва 2024 финаллари;

– Аёлар ўртасидаги U 17 Осиё чемпионати – 2022 ва 2024 финаллари;

– Футзал бўйича Осиё чемпионати – 2022 ва 2024 финаллари;

– Футзал бўйича Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати – 2021, 2022, 2023, ва 2024 йилги финаллар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ўтказилган бокс кечасини намойиш этиш ҳуқуқини эса, Зўр ТВ қўлга киритганди.

МТРК тасарруфидаги ва хусусий телеканаллар ўртасида ва ниҳоят трансляция ҳуқуқи бўйича рақобат юзага келди. Бундан фақат ва фақат томошабинлар ютади. Кўз тегмасин!

 

Ҳумоюн Орипов тайёрлади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *