Effect.uz мухбири Элёр Тожибоев Фарғонадаги яшаш уйидан Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилди.

Аввалроқ, Элёр Тожибоевнинг коронавирусга чалингани тўғрисида хабар берилган эди. Аммо шунга қарамасдан, ИИБ ходимлари Э.Тожибоевни олиб кетиш чораларини амалга оширган.

“Коронавирусга чалингани тўғрисида маълумотнома ва шифокор йўриқномасини кўрсатдик, аммо улар “бизга фарқи йўқ” деган иддао билан уни олиб кетишди. Ҳолат 1 соатча аввал содир бўлди”, дейди Элёр Тожибоевнинг адвокати.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Effect.uz’нинг Youtube’даги каналида жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судида содир бўлган жанжалли видео жойланган бўлиб, ушбу видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Видеода судья О.Бегимқуловнинг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, гапираётган бир қанча фуқароларни кўриш мумкин. Ушбу ҳолатга Effect.uz мухбирлари ҳам аралашган. Бироқ Kun.uz сайтида ёритилган хабарда талқин қилинганидек, судяни пора олишда айблашмаган. Буларнинг барчаси адоват ва туҳматдан бошқа нарса эмас.

Маълумот учун, Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан берилган баёнотда Effect.uz’нинг икки мухбири жорий йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилганлиги айтилади.

“Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига тақдимнома киритилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган “Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашган.

Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл) га ЖКнинг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўз навбатида, “Effect.uz” ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Effect.uz сайти маъмурияти кейинчалик ўз ходимларининг тергов жараёнига бормаганликларида етарлича сабаблар борлигини, мухбирлар терговдан қасддан бўйин товламаганликлари чақирув қоғозлари ўз вақтида етиб келмагани ва чақирувлар олинган вақтда уларнинг соғлиғида муаммолар юзага келганини маълум қилган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *