Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 8 апрель куни тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантиришга етарли эътибор қаратмаган бир қатор туман ҳокимлари ишдан бўшатилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, Марказий банк, унинг ҳудудий бошқармалари ва тижорат банклари фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Шу сабабли Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Б.Зоҳидовга “ҳайфсан” берилди. Агар 2 ой ичида иш услубида ўзгариш бўлмаса, маҳаллагача тушиб ишламаса, ташаббус кўрсатмаса, у ҳам ишдан олиниши айтилди.

Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромовга вилоятларда ўрта тадбиркорлар билан, вилоятлар сектор раҳбарларига туманларда кичик бизнес вакиллари билан ҳар ҳафта учрашиб, ер, инфратузилма, кредит каби энг муҳим масалаларни ҳал этиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Туман ва шаҳар ҳокимлари сектор раҳбарлари билан бирга, кичик тадбиркорлар билан кунига 3 марта ўз секторида учрашиб, муаммоларини ҳал қилиши вазифаси юклатилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда инвестиция ва ташқи савдо вазирларининг биринчи ўринбосарлари ва Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилиш ва муаммоларини ҳал этиш борасидаги фаолиятини таҳлил қилиб, яхши ва ёмон ишлаётганлари бўйича ҳар ойда Президент Администрациясига ахборот киритиши қайд этилди.

Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров, С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Бизнес-омбудсман Д.Қосимовга ҳудудларда тадбиркорлар билан ишлаш бўйича ижобий тажрибани умумлаштириб, ҳар чоракда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, сектор ва банк раҳбарларини рағбатлантириши айтилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *