Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистонга келган “курдистонлик табиб” Али Маҳмуд Ҳасанга чора кўрмаётган ИИВ ва ССВни танқид остига олди.

“Ўзбекистонга келган “курдистонлик табиб” Али Маҳмуд Ҳасан бўйича ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди.

ИИВ миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликни айтган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг ишонч ва эътиқодидан фойдаланиб, сохта табиблик фаолияти билан шуғулланаётганлар хақида огоҳлантирди.

Агар унинг фирибгарлиги ҳақидаги маълумотлар асосли, исботланган бўлса, нега унинг фаолияти чекланмаяпти? Унинг бемалол вилоятма-вилоят юриб, одамларни даволашига йўл қўйиб бериляпти.

Агар ҳақиқатда фойдали табиб бўлса, уни ҳам рўйхатга олиш, лицензия деган қоидалари бор. Гап одамлар ишончи ва ҳаёти ҳақида кетяпти.

Энди бир камига четдан келиб, хоҳлаган одам, хоҳлаган ишини қилиб кетиши қолганди. Шаҳарнинг дарвозаси жойида турибдими ўзи? Албатта, кимдир ўлиши ёки азият чекиб, вой дод, дейишини кутяпмизми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик хизмат карантин, деб роса жазолашни биладику.

Ёки матбуот ходимларининг озгина хатосини кўриб қолса, қонунлар ва жазоларни эслатувчи ИИВ қаерга қараяпти? Бу ҳолатда расмий муносабатнинг ўзи камлик қилади. Ишлаш керак, ўртоқлар, қуруқ гапиравермай!”, – дейди Комил Алламжонов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *