“Қоракўлчилик” уюшмаси бошқарув раисининг жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Дилшод Истамов Effect.uz сайти ходими Аъзам Хўжақулов билан телефон орқали мулоқотда журналистни сўкиб, ҳақорат қилди.

 

Effect.uz мухбири Аъзам Хўжақулов Самарқанд вилояти Нуробод туманида маҳалла аҳолиси деярли 1500 бош қўйни туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келингани юзасидан маълумот сўраб, телефон қилади.

Телефон гўшагини кўтарган уюшма матбуот котиби “сизлар қидирувдасизлар, аввал прокуратура билан муаммони ҳал қилиб олинглар, менга АОКА Effect.uz сайтига ҳеч қандай ҳисобот бермагин деб айтган” дея қўполлик қилиб, журналист билан ўзаро мулоқотда қўпол сўзларни ишлатади ҳамда Effect.uz сайти журналистлари қидурувга берилганини ҳақида такроран журналистнинг юзига солади.

Шундан сўнг журналист Аъзам Хўжақулов “бу борада сизнинг ишингиз бўлмасин, буни ўзлари ҳал қилишади” деган сўзига Дилшод Истамов “менга ақл ўргатма, кимсан бл…, ишинг бўлмасин, менга АОКА уларга ҳисобот бермагин” дея жавоб қайтаради.

Ахборот оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)

Журналист “демак, сиз билан гаплашиб ўтиришни фойдаси йўқ” деган сўзига Д.Истамов қўполлик қилиб, “менга по…”, деган оҳангда жавоб қайтаради.

“Қоракўлчилик” уюшмаси матбуот котиби Дилшод Истамов

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Effect.uz сайтининг икки ходими Э.Тожибоев ва А.Нуримбетов январь ойида Термиз тумани судида содир бўлган жанжал ортидан айбдорлар қаторига киритилиб, уларга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тўғрисида суд ажрими ва қидирув эълон қилинган.

Бош прокуратура баёнотида журналистларга нисбатан Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилганлиги маълум қилинган ва тергов органларига келишдан бўйин товлашгани ҳақида хабар берилган.

Бош прокуратура

Шундан сўнг Effect.uz маъмурияти ўз ходимларининг тергов жараёнларида иштирок этишида юзага келган муаммолар дастлаб ходимларнинг хизмат сафарида бўлгани ва кейинчалик уларнинг соғлиғидаги муаммолар эканлиги тўғрисида расмий баёнот берди.

Маълумот учун, 6 апрель куни соат 16:00 ларда Нуробод туманидаги маҳалла аҳолиси томонидан деярли 1500 бош қўй туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинган. Айнан ушбу ҳолат бўйича бир гуруҳ фуқаролар Effect.uz сайтига вазиятни ўрганиш масаласида мурожаат қилишган. Мурожаатни қабул қилган Effect.uz мухбири Аъзам Хўжақулов вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Қоракўлчилик” уюшмаси бошқарув раисининг жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Дилшод Истамовга боғланган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида журналистларга: “Танқид қилинглар! Топшириқ берилган бўлса, нега бажармаяпсан, дея фамилиясини, расмини олиб чиқиб, кўрсатинглар, бутун эл билсин. Биласизларми, бу – учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Сизларнинг кучларинг катта”, деган эди.

Дилшод Истамов 2020 йилнинг 17 декабрь куни Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосаси асосида Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси бошқарув раисининг матбуот котиби – жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Дилшод Истамов 1976 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида таваллуд топган. У илк иш фаолиятини 1995 йилдан телевидение соҳасида бошлаган. Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон Миллий телерадио компаниясининг “Тошкент” ва “Ёшлар” телеканалларида масъул лавозимларда, 2019 йилдан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раисининг матбуот котиби – жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.