Хонадонда ишлатилган табиий газ ҳисобини энди инспектор келиб, тизимга киритмайди. Бу вазифа электрон шаклда бажарилади.

Маълумки, 2020 йилдан табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (GNHAT/ASKUG) бошқарув тизими қўлланиб келинмоқда.

Шу туфайли, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган инспектор лавозими бекор қилинди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Қабул қилинган қарор газ етказиб берувчи ва абонент ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатларни ўрнатиши айтилган.

Қолаверса, бу GNHAT тизимига уланмаган ҳамда аввал ўрнатилган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни “BillingGaz” тизимига киритишда инсон омилини қисқартиришга имкон бериши айтилган.

Шу ўринда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “сотувчи ва харидор” муносабатларидаги янги шартларга мувофиқ ҳамда абонент ва табиий газ етказиб берувчиси ўртасидаги амалдаги келишувга биноан, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларни ҳар ойнинг 10-кунигача амалга ошириш кераклигини эслатиб ўтган.

Етказиб берилган табиий газ учун тўлов шартномада белгиланган муддатларда, ўз вақтида тўланмаган тақдирда, шартномага мувофиқ, тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда, 0,1 фоиз миқдоридаги пеня тўлайди.

Эндиликда хонадонингизга ўзларини газ таъминоти ташкилотларининг инспектори сифатида таништириб келган шахслар билан алоқага киришмаслик ва уларга GNHAT тизимига уланмаган газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни тақдим этмаслик тафсия этилади.

Шунингдек, тўловларни мобил телефон орқали электрон тизимлар ёки банк кассаларига мурожаат қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги айтилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *