Бугун, 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов вазирлик ва идораларнинг матбуот котиблари билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ахборот оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.

Мазкур учрашувда матбуот хизматлари фаолияти, уларнинг журналист ва блогерлар билан ҳамкорлиги даражаси таҳлил қилинган.

Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистонда кейинги беш йилда буткул янги – давлат идоралари ва ташкилотларининг матбуот котиблари институти шаклланган бўлиб, уларга кенг ваколат ва имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилган.

Эндиликда уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзлари ишлаётган ташкилотнинг очиқлигини таъминлаш ва ислоҳотлар натижасини аҳолига етказишдаги ролини кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Шу билан бирга, айрим вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари суст ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

“Айрим танқидлар, саволлар очиқ қолаяпти. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқаётган танқидий материалларга тезкор муносабат билдириш, аҳолига тўлиқ ахборот бериш шарт. Бу бўйича катта ишларни амалга оширишимиз, ҳамкорлик вертикалини яратишимиз керак. Бунинг учун Президент матбуот хизмати доимо очиқ”, дейган Шерзод Асадов.

EFFECT.UZ

Президент матбуот котиби билан давлат идоралари матбуот котиблари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш механизми келишиб олинган. Очиқ мулоқотда матбуот котиблари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган. Шерзод Асадов матбуот котибларининг саволларига жавоб берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Администрация раҳбариятига ўзгартириш киритилишини маълум қилиб, ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадовни президент матбуот котиби сифатида таништирган эди.

“Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Администрацияси раҳбари ўринбосари — президент матбуот котиби бўлади. Мен бугун (24 март куни – таҳр) шу бўйича фармонни имзоладим. Шерзод Асадовнинг билими бор, хорижий тилларни билади, дунёни кўрган”, деган эди Президент.

EFFECT.UZ

Бундан ташқари, давлат раҳбари унга вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари матбуот котиблари билан ишлаш, уларни ўргатиш бўйича топшириқ берган. Бундан ташқари, Шерзод Асадов ҳар битта вазирлик ва идора раҳбарлари матбуот хизматларининг ҳисоботини тинглаб, уларнинг фаолиятини тўғри йўлга қўйишда кўмаклашади.

Шерзод Асадов 1981 йил 4 майда Бухоро вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Асадов рус, инглиз, испан, турк тилларини билади.

У иш фаолиятини 2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи сиёсий фаолият таҳлили ва стратегияси бош бошқармаси референти, атташеси лавозимидан бошлаган.

Фаолияти давомида Шерзод Асадов Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси атташеси, 3-котиби (2008—2012), Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси (2015—2017), Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси — Муваққат ишлар вакили (2017—2018), Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикасининг ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили (2018—2020) ҳамда 2020 йил 19 мартдан ушбу тайинловгача Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *