Бугун, 6 апрель куни Effect.uz мухбирлари Термиз тумани суди раисининг хизмат хонасига бостириб кириб, уни порахўрликда айблагани ва шунингдек прокуратура терговидан яшириниб, қасддан бўйин товлагани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Жорий йилнинг январь ойида Effect.uz сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган.

Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурори номига тақдимнома киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган Effect.uz ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашган.

Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл) га ЖКнинг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўз навбатида, Effect.uz ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган.

Бош прокуратура баёноти

Effect.uz таҳриририяти ҳолат юзасидан шуни маълум қиладики, сайт мухбири Элёр Тожибоев бунгача Термиз тумани прокуратурасининиг чақириғига асосан терговда бир марта кўрсатма берган.

 

Шундан сўнг иш вилоят прокуратурасига ўтказилган бўлиб, Э.Тожибоев прокуратура терговчисининг чақирувига асосан дастлаб гувоҳ сифатида чақиртирилган. Бироқ кейинчалик, гувоҳ статуси “автоматик” тарзда айбланувчига айлантирилган.

Мухбирлар жиноят кодексининг 219-236-моддаларида айбланмоқда.

Элёр Тожибоев вилоят прокуратурасида терговчининг қонуний талабини бажариб, тергов жараёнига адвокат билан келишини таъкидлаб, прокуратура биносини тарк этган. Айни вақтда Элёр Тожибоев коронавирус касаллигига чалинган, шу сабабли тергов жараёнида қатнашиш имкониятига эга эмас. Бироқ суднинг ажримига кўра журналист қидурувга берилган.

Шунингдек, прокуратура томонидан юборилган чақирув қоғозлари Элёр Тожибоевнинг шахсан ўзига етиб бормаган. Адвокатлик сўровига эса прокуратура шундай жавоб берган.

Effect.uz директори Акмал Эшонхоновга мухбирларнинг таҳририятда ҳақиқатда ишлаши тўғрисидаги маълумот юборилган бўлиб, бунга жавобан А.Эшонхонов шахсан вилоят прокуратурасида терговчига Термиз тумани судида содир бўлган жанжалда иштирок этган мухбирлар: Э.Тожибоев, А.Нуримбетов, Ҳ.Аҳмедов ҳақиқатда Effect.uz сайтида мухбир лавозимида ишлашини тасдиқлаган.

Навоийлик мухбир Акбар Нуримбетов прокуратуранинг тергови учун жалб қилинган вақтда соғлиғидаги муаммолар туфайли қатнаша олмаган. Дастлабки чақирув қоғозига маъмурият томонидан унинг бетоблиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Сўнгра навбатдаги чақирув қоғози 30 март куни Акбар Нуримбетов яшаётган хонадонга етказилган. 30 март куни қабул қилинган чақирув қоғозида 2020 йил 23 март куни соат 14:00га етиб келиши тўғрисида чақириқ қайд этилган.

Эътибор беринг: 30 март куни етиб борган чақирув қоғозида 2020 йил 23 март кунига етиб келиш айтилган. Айни вақтда эса 2021 йил.

Effect.uz маъмурияти Ахборот оммавий коммуникация агентлиги (АОКА), Бош прокуратура ва Сурхондарё вилояти прокуратурасидан мазкур ҳолат бўйича келиб чиққан тушунмовчиликлар юзасидан баёнот беришини ва мамлакатда олиб борилаётган Сўз эркинлиги йўлидаги ислоҳотларда иштирок этаётган холис журналистларга нисбатан бу каби ҳатти-ҳаракатлар ноўринлигини эслатиб ўтади.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёевнинг журналист ва блогерлар ҳақида таъкидлаган фикрлари бу йўл орқали фақат суистеъмол қилинаётгани яққол кўзга кўринмоқда. Жумладан, термизлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши Ўзбекистонда кўплаб фуқароларнинг норозилик кайфияти пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Фото: EFFECT.UZ

“Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаслик керак. Журналистлар меҳнатини қадрлаш лозим. Матбуот балки кўпчиликка ёқмаслиги мумкин, аммо менга жуда ёқади. Журналистларга юртимиз равнақи йўлида қилаётган меҳнати учун раҳмат айтмоқчиман”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, давлат раҳбари 18 март куни Тошкент вилоятига ташрифи давомида журналистлар билан учрашди ва оммавий ахборот воситаларига бўлган муносабат ҳақида сўз юритган.

“Бир йил олдин сизлар шундай эдингларми? Ҳаммамиз шундай эдикми? Ҳамма танқид қилишни билади, лекин уч йил олдин ОАВга муносабат қандай эди? Мен Наманганда айтган эдим, сизларнинг орқаларингда Президент турибди. Яна қайтараман, мен сизларга ишонаман, албатта, адолатли ҳақиқатни халқимизга етказиб берасизлар.

Лекин биз кўп нарсани биргаликда ўрганяпмиз. Сизларнинг ҳам савияларинг ошяпти, халқимизнинг ҳам савияси, ишончи ошиб боряпти. Бирор масалани адолатли кўтариб чиқиш учун сизларнинг ҳам билим, ҳам илмларинг, тажрибаларинг, таҳлил қилиш қобилиятларинг мунтазам ўсиб бориши керак. Ҳар бир айтилаётган гапнинг борини, ростини етказиш керак. Икки йил олдин қанақа эди, 20 йил аввал қандай эди?”, деган Президент.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.