Кеча, 4 апрель куни Effect.uz ахборот агентлигида эълон қилинган видеоматериал юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, шахсини оммага тақдим қилмасликни истаган жарқўрғонлик аёл янги келин бўлганидан сўнг, оилавий ҳаётида қийинчиликларга учрагани ва мунтазам қайни укаси томонидан зўрланиб келгани ҳақида гапириб берган эди.

 

Вилоят прокуратураси мазкур ҳолатларда жиноят аломатлари йўқ дея баёнот бериб, видеоматериалда келтирилган важлар тасдиғини топмаганини маълум қилди.

Effect.uz: мазкур ҳолат бўйича прокуратура баёнотида келтирилган масалалар қисман кўриб чиқилган ва зўрланганлик ҳолати тасдиғини топган экспертиза хулосалари мавжуд. Effect.uz таҳририяти мазкур ҳолат бўйича етарлича далил ва маълумотларни тегишли жойларга тақдим этишга тайёр!

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро З.Холмуродованинг турмуш ўртоғи ва қайниукасининг ҳаракатидан норози бўлиб, йўллаган видеомурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, П.Эргашев янгаси З.Холмуродовани ҳақорат қилганлиги ва  унга енгил тан жароҳати етказганлиги юзасидан ЖИБ Жарқўрғон туман судининг 12.02.2021 йилдаги қарорига кўра, П.Эргашевга нисбатан МЖтКнинг 41-модддаси (ҳақорат қилиш) ҳамда 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, фуқаро  З.Холмуродованинг мурожаатида баён қилинган турмуш ўртоғи Ч.Норматов ва қайниукаси П.Эргашевлар томонидан зўрлик ишлатиб, доимий равишда жинсий алоқада бўлганлиги ҳолати юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, мурожаатда баён қилинган ҳолатларда бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби  аниқланмаганлиги сабабли 30.03.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга, З.Холмуродова ва Ч.Норматовларни шаърий никоҳлаган Х.Тга нисбатан МЖтКнинг 240-моддаси (диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш)1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун 30.03.2021 йилда ЖИБ туман судига юборилган.

Сурхондарё вилояти прокуратураси баёноти

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.