Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси, депутат Алишер Қодиров янги чиққан қонун лойиҳаси бўйича фикр билдирди.

“Бошқарув органларини мақбуллаштириш бўйича қарор қанчалар оғир бўлмасин тўғри қарор.

Кам ҳақ бериб кўп одамни камфойдали ишлатгандан кўра кам одамни кўп ҳақ бериб фойдали ишлатган минг марта яхши.

Давлат хизмати фуқароларнинг асосий даромад манбаи бўлмаслиги керак.

5 мингдан ортиқ фуқаролар даромад манбаини ўзгартиришга мажбур бўлади, қанчаси ишсиз қийналади…

“Йўқдан кўра шу ҳам яхши” қабилида ишлаб юрганлар мажбур ўзларини янгидан излашни бошлайдилар.

Хусусий бизнес тажрибали, лекин давлатнинг “хўп бўлади” тизимида кўмилиб ётган қобилиятларни кашф қилади.

Миллиардлаб бюджет маблағлари ҳисобига тараққиёт учун фойдали лойиҳалар амалга ошади. Лекин бу қарор бошқарувдаги муаммоларни бартараф этиш учун кам. Одамларнинг дунёқараши ўзгармас экан бошқарувнинг дунёқараши ўзгармайди.

Сўнгги 5 йилда жамиятда давлатнинг “ота”лик роли ошиб кетди. Қармоқларни омборга қўйиб балиқ тарқатаяпмиз. Собиқ советда эмланган ”боқимандалик” яна ҳароратни кўтараяпди. Шикоятбозлик, ҳасад, ғийбат ва ғаламислик хуқуқий онг ошиб бораётганлигининг кўрсаткичи эмас, ўзимизни алдаяпмиз.

Одамлар ҳақини химоя қилиш учун судга эмас Президентга мурожаат қилишмоқда. Мурожаатларнинг мазмунан кўпи “текин сигир бермагани учун маҳаллани ишдан бўшат”, “10 миллион сўмдан кам бўлмаган маошли иш топиб бер”, “хоким мени уйимни таъмирлаб бермади” эканлиги дардимизнинг даражасини кўрсатади”.

Шунингдек Алишер Қодиров одамлар уни халқ тарафини олмасликда айблаши ҳақида гапирди:

Аксинча, мен ўзбек халқини дунёда ўрнини топиши, катта давлатларнинг қош-қовоғига боғланиб яшамаслиги учун ўзгариши керак деб ҳисоблайман.

Ўзгариш доим оғриқли бўлади. Камчиликларимизни яшириб, ўзимизни ўзимиз алдаб шу ҳолатга келганмиз.

Яхши яшаш учун ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилишимиз керак. Аксинча ҳеч қандай ҳокимият бизни ислоҳ қилолмайди”, – дейди Алишер Қодиров ўзининг telegram'даги расмий саҳифасида.

Аввалроқ, Алишер Қодиров ЛГБТчиларга чора кўриш ҳақида фикр билдиргани ҳақида хабар қилган эдик

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *