Effect.uz  ахборот агентлигига Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги бир гуруҳ фермерлардан мурожаат келиб тушди.

Улар кластер фаолиятидан норози эканлигини айтишмоқда. Асл ҳолатни билиш ва Қуйи Чирчиқдаги муаммолар нега қуйида қолиб кетаётганлигига ойдинлик киритиш мақсадида журналист Аъзам Хўжақулов фермерлар билан учрашиш учун воқеа жойига етиб борди.

“Кластер келганидан сўнг ишлаб чиқаришлар бўлади дейишганди, қани биз кўрмаяпмиз? Бизга қўйиб берса ўзимиз ҳам қилаверамиз, қўлимиздан келади. Улар ёнидан пул сарфлаб ишлатаётгани йўқ. Давлатдан ресурс оляпти бизга ўхшаб.

Кластер фермерлар номидан ишлаб ётибди. Рўйхатларимиз ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАЁТГАН ФЕРМЕРлар қаторида турибди. Солиқ ҳам тўлаяпмиз.  Бизнинг уйимизга “қарздор” деб хатлар келяпти.  Ҳаммаси ўзимизда турибди. Кластер биздан фойдаланаяпти, холос!” – дейди мурожаатчилардан бири.

“Қарздор дейишади, агар қарзимиз бўлса бўйнимизга қўйишсин, ҳеч нимани исботлашолмади – да, тағин айблашаверади.  20 йилдан бери ишлов берилиб келинаётган бир пайтлар ташландиқ бўлган тайёр ерга эга чиқишни ҳамма билади.  Борлаларимизни ким боқади? Ҳоким боқадими?” – дейди яна бир фермер.

“Кластернинг берган ойлигига рўзғор кечмайди.   Қуйи Чирчиқ тумани прокурорига мурожаат қилсам қўпол муомала билан жавоб қайтарди!” – дея қўшимча қилди шу ердаги фермер аёл.

“Ойлиги 500-600 минг сўм, бу пулга кун кўриб бўладими?  Булар келмасидан аввал оддий фермер машина минарди, одамларни иш билан таъминларди ҳозир бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас!” – деди яна бир фермер норози оҳангда.

Мазкур иддаолар ҳақиқатми ёки йўқ, тўла ойдинлик киритиш мақсадида  журналист А.Хўжақулов  “ТСТ сluster”  таъсисчиларидан бири Саидқул Арабов  билан гаплашганида  у “ТСТ сluster”нинг айни дамлардаги раҳбари  Ф.О  билан учрашишни айтган.

Саидқул Арабов

Аммо дастлаб, журналист билан учрашишга рози бўлган Қуйи Чирчиқдаги кластер раҳбари орадан бироз муддат ўтиб, юзма–юз учрашувни номаълум муддатга қолдирган.

Бунинг сабабини эса аниқ билмаймиз.  Бироқ, Effect.uz ахборот агентлигида эълон қилинган видеолардан сўнг, “ТСТ cluster” раҳбарияти бу ҳолатга қуйидагича расмий муносабат билдирди:

“Ижтимоий тармоқларда кластер тизими билан боғлаб талқин қилинган  Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” МЧЖ томонидан атрофлича ўрганилди.

Ушбу материал юзасидан “TCT Cluster” кластери қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “TCT Cluster” кластери ташкил этилган. Кластер учун туман ҳокимлиги томонидан захирага олинган ер майдонлари ажратилган.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида белгилаб берилган вазифалар кластер томонидан бажариб келинмоқда. Жумладан, 2018-2020 йилларда юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олиш, моддий-техника базани мустаҳкамлаш, аграр соҳани ривожлантириш учун 136,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди.

Учинчидан, 2020 йил якунлари бўйича кластер тизимида меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар сони саккиз минг нафардан ортди. Уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион сўмдан ортиқни ташкил этади. Айни пайтда иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик мавжуд эмас.

Тўртинчидан, кластер томонидан маҳаллий бюджетга тушумлар йил сайин ортмоқда. Агар 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан бюджетга жами 4,4 миллиард сўмлик солиқ тўловлари амалга оширилган бўлса, кластер томонидан 2020 йилда бундан 10 баробар кўп, яъни 44,3 миллиард сўмлик солиқ тушумлари таъминланди.

Бешинчидан, кластер томонидан 3 мингга яқин энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари харид қилиниб, экин майдонларига сифатли ишлов берилгани, агротехника тадбирлари ўз муддатида амалга оширилгани туфайли туман қишлоқ хўжалигида қолоқликка барҳам берилиб, ривожланиш кузатила бошланди.

Биргина пахтачиликда ўтган мавсумда ҳосилдорлик қарийб 4 баробар ортиб, гектаридан 41 центнердан ҳосил олинди.

Олтинчидан, 2020 йилда қиймати 27 миллиард сўмлик инвестициявий лойиҳа амалга оширилиб, Марказий Осиёдаги энг катта шолини сақлаш ва чуқур қайта ишлаш заводи фойдаланишга топширилди. 2021-2023 йилларда эса яна 6 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан энг йириги 105,1 миллион долларлик тўқимачилик фабрикаси лойиҳаси ҳисобланади. Унинг биринчи босқичи 2021 йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилади.

Бундан ташқари, жорий йилда бўрдоқичилик фермаси, уруғчилик цехи фойдаланишга топширилиши, балиқчилик тармоғида ҳам истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, видеоматериалда келтирилган важ ва иддаолар ўз тасдиғини топмади. Кластер оммавий ахборот воситалари учун доимо очиқлигини, уларни қизиқтирган масалалар бўйича маълумот тақдим этишга тайёр эканлигини маълум қилади!”

Кластернинг ушбу жавобидан қониқмаган мурожаатчилар ўз эътирозларини билдиришди. Журналист А.Хўжақулов эса раддияга – раддия билан чиқди.

Аъзам Хўжақулов

Президент Шавкат Мирзиёев:“Тошкент вилояти — бу Сурхондарё вилояти эмас, Қашқадарё вилояти эмас. Бу Тошкент вилояти. Мен кеча топшириқ бердим: кластерлар ҳокимият билан шартнома қилади.

Шартнома шундан иборат бўладики, кластернинг эртанги ривожланиши, ҳисоб-китоби, режалари чуқур қайта кўриб чиқилади. Пахтани қайта ишлаб чиқариш ва бошқалар инновацион инвестиция олиб келишга асос бўлади. Мана шуни ҳам ҳаммаларинг билиб олишларинг керак!”, деган эди.

Бизнинг мақсадимиз ҳар иккала томонга ҳам ён босмасдан ўртада турган ҳолатда жараёнларни шаффофлик билан ёритишдир. Кластерми, умумун қайси ташкилот бўлишидан қатъий  назар қонуний ва адолатли фаолият юритиб, халққа жабр қилмасдан  кўпроқ фойдаси тегиши керак!!!

Мухбир: Аъзам Хўжақулов

Матн муаллифи: А.Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.