Сурхондарё вилояти Музработ туман суди биносида айни дамларда ҳибсда сақланаётган блогер – Отабек Сатторийнинг навбатдаги суди бўлиб ўтди. Жараёнларнинг қай даражада шаффоф эканлигини халққа кўрсатиш мақсадида Effect.uz ахборот агентлиги мухбирлари Сурхондарёда бўлиб туришибди. Cудда Отабек Сатторийнинг собиқ адвокати Шавкат Шокиров кўрсатма берди:

EFFECT.UZ
Фото: EFFECT.UZ

Отабек Сатторий: “Нима учун мени ҳимоя қиладиган адвокатим, ёзма кўрсатмаларни уларга чиқариб бераётганида терговчини тўхтатмади? Иккинчи саволим сингнлимга бўлган тазийққа муносабатингизни билмоқчиман?”

Адвокат: “Менинг фикримча мантиқсиз тергов ҳаракатлари ўтқазила бошланди. Терговчига ўз эътирозларимни билдирдим. Отабек Сатторий биронта саволга жавоб бергани йўқ, терговчи хонага кириб қандай қилиб ҳужжатларни олиб чиқиб кетганлигига мен нима учун жавоб беришим керак? Бу бизнинг фақатгина таҳминимиз бўлиши мумкин.

Кейинги саволга келак, 8 февраль куни мен тадбирда эдим. Оиласидан телефон бўлди. Фарангиз(Отабек Сатторийнинг синглиси)ни ички ишлар ходимлари олиб кетганлиги тўғрисида. Отаси сиз бориб ёрдам беролмайсизми, деди. Борганим билан мени у ерга ҳеч ким қўймаслигини, Фарангизнинг адвокати бўлмаганим учун ҳам ордерим йўқ эканлигини айтдим.

Кечқурун соат тўққизлар атрофида бўлаётган воқеалар булар. Майли, бир гап бўлар деб тадбирдан чиқиб, Отабекнинг олдига бордим ва мана шундай тушунарсиз ҳолат бўлиб турибди деб айтдим. Мен унинг оиласига қаерга шикоят қилишини айтдим. Адвокат сифатидаги вазифам шу – да, бошқа ваколатим ҳам йўқ.

Суд раиси Отабекнинг собиқ адвокатидан Сатторий нима учун ўзига очлик эълон қилгани, кўрсатма беришдан бош тортгани ҳақида сўраганида у қуйидагича жавоб қайтарди:

“Ҳолат шундай бўлганки, бу ерда ҳиссиёт асосий планга чиққан. Отабек ўзини идора қилолмасдан бирданига сиёсий бошпана сўраб ихтиёрий ариза ёзишга киришган. Шунингдек, очлик эълон қилишини маълум қилган. Қизишиб кетиб, ҳатто, терговчига қарата: “Менга нисбатан нима қилмоқчисизлар ўзи?” – деган гапларни ҳам айтган.

“Отабек Сатторийнинг телефон ёки компьютер кодини терговчиларга билиб берганмисиз?” – деган саволга Ш.Шокиров: “Менга бунинг нима зарурати бор? Телефонга келсак, бу адвокатнинг сирига киради. Отабек нима ёзиб берган бўлса, ўша куниёқ оила аъзоларига етказиб берганман. “Запис”ларниям терговчининг ёнида олганман!” – деб жавоб қайтарди.

Отабек Сатторий ўзининг собиқ адвокатига қарата: “Сенинг судинг видеоалоқа шаклида бўлади деб мени олиб бориб, ўша жараёнда суд қолдирилганда “ютдим” дегандингиз. Хўш,нима учун мен судда қатнашмадим? Кейин, бир сафар терговчига “Қорним очди, юр овқат олиб бер!” – дегандингниз буларни қандай изоҳлаш мумкин? – деди.

EFFECT.UZ
Фото: EFFECT.UZ

Ш.Шокиров бу саволга шундай жавоб қайтарди:

“Ҳақиқатан ҳам, вилоят судига борганимизда, ўша пайтда ёлғиз ўзим қатнашганлигимга сабаб, шароит бўлмаганлиги ва имкониятлар тўғри келмаганлиги асосий омил бўлди. Мен эътироз билдирдим, улар рози бўлишмаса, нима мен судьяни уришим керакмиди?”. Кейинги саволга келсак, узун кун овқатланмагандим. Терговчи юринг, пастда ошхона бор дегандан кейин бирга қўшилиб бордим!..”

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

1: 2021 йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи тумандаги “Чинора Гул Барака” раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан Отабек Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Отабек Сатторий қиймати 5 миллион сўмлик Vivo-Х50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган;

2: Отабек Сатторий “Термизшаҳаргаз” таъминоти бўлимида “Суюлтирилган газ” хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиш ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1,5 миллион сўм беришини талаб қилган.

Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар беришини талаб қилган;

3: “Ҳудудгазтаъминот” Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг “Шаҳринав” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган;

4: “Ҳудудгазтаъминот” Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг “Чилонзор” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;

5: Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар Истиқлол кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган “Термиз эко экспресс лойиҳа” раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилган. Онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар, “Саломатлик” кўчаси, 1-уйдаги ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234,8 миллион сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 миллион сўм бўлган 2 хонали ва 431 миллион сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилган. “Термиз эко экспресс лойиҳа” томонидан Истиқлол кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган;

6: Бу ҳолатда 245,1 миллион сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 миллион сўм пулларни (жами 549,1 миллион сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган;

7: Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалдан зиддиятда бўлиб келган, Сабоҳат Равшанова орқали Мастона Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган;

EFFECT.UZ

8: Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Насиба Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаган. Туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” гуруҳ ва каналларига жойланган ҳолати юзасидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат қилиш) 3-қисми “а” ва “г” бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш)3-қисми “а” банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Мухбир: Д.Ҳасанов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *