2021 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманларига борди.

Бугунги кунда Янгийўл туманида жами 69 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан 6 таси қизил, 45 таси сариқ, 18 таси яшил ҳудуд этиб белгиланган.

Қизил ҳудуддаги “Жамбул”, “Пахта”, “Эпкенди” маҳаллаларида тизимли муаммолар ечим топмоқда. Ишчи гуруҳи дастлаб Янгийўл тумани “Юксалиш” МФЙда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни кўздан кечириш мақсадида “Анора Ғилоф Барака” ОКга қарашли тикувчилик корхонасида бўлди.

Абдукарим Абдурахимов 2001 йилда якка тадбиркор сифатида ўз ишини бошлаган. 2010 йида эса оилавий корхонага айлантирган. Автомобиллар учун ғилоф тикиладиган ушбу корхонада ҳозирда 70 нафарга яқин ишчилар фаолият юритмоқда.

Шу ернинг ўзида маҳалладаги хотин-қизлар билан дилдан суҳбатлашилди, уларнинг муаммолари эшитилди.

Хусусан, уй-жой билан таъминланиш, соғлиғини тиклашда ёрдам, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда имтиёзли кредит бериш, ишга жойлашиш каби қатор масалаларда кўмак сўралди. Уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Навбатдаги манзил – “Пахта” МФЙ. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу ҳудудда тадбиркорлик субъекти томонидан ташкил этилган контейнерларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тикувчиликка ўқитиш маркази фаолиятига эътибор қаратди. Қолаверса, маҳалла аҳли, хотин-қизлар билан учрашиб, мурожаатларини ўрганди.

Шундан сўнг,  “Нов” маҳалласида яшовчи ҳунарманд Беҳзод Мадраимов хонадонида ҳунармандчилик ишлари билан танишилди. Эътиборлиси, ушбу тадбиркор 18 нафар аёлни иш билан таъминлаган.

Бундан ташқари, “устоз-шогирд” анъанаси асосида 19 нафар шогирд тайёрламоқда. Асосан қўл меҳнати бўлган ушбу тадбиркорнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари Саудия Арабистонида харидорбоп.

Сенат Раиси тадбиркор билан суҳбатлашар экан, унинг таклифларига қулоқ тутди. Ишбилармон Б.Мадраимов иш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида жой ажратилишида ёрдам сўради. Ушбу масала тез орада ҳал этиладиган бўлди.

Сўнгра “Жамбул” МФЙда  аҳоли, шу жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан мулоқот қилинди.

Учрашувда субсидия асосида иссиқхона қуриб бериш, тадбикорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтиришда жой ажратиш ҳамда имтиёзли кредит олиш, тикув машиналари берилишида ёрдам сўралди. Улар тез орада ижобий ҳал этилади. Боиси, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

“Дархон” МФЙда истиқомат қилувчи К.Каримованинг уч нафар фарзанди бор. Яқинда унга 3 хонали уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. Ўғли Жавоҳирбек эса ижодкор, шеър ёзади. Туман ҳокимлигининг амалий кўмагида биринчи китоби чоп этилди.

Тез орада “Йиғламанг, она” деб номланган яна бир шеърий тўплами ҳам чоп этилади. Унинг сарф-харажатлари эса ҳокимлик томонидан қопланадиган бўлди. Учрашувда Жавоҳирбекка компьютер совға қилинди.

Қуйи Чирчиқ туманидаги “Алким Текстил” МЧЖ корхонасида 150 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. 2019 йилда россиялик ҳамкорлар билан бирга ташкил этилган ушбу қўшма корхонада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳам фаолият юритмоқда.

Сенат Раиси бошчилигидаги Ишчи гуруҳи бу жамоанинг ютуқлари билан танишаркан, бежирим кийим-бош тикаётган хотин-қизларнинг ишлаш ва яшаш шароитлари билан қизиқди.

Қолаверса, ишчи ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Уларни Касаба уюушмаси томонидан ходимларни республикамизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатга юбориш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди.

“Ватан” МФЙдаги мулоқотларда эса “Аёллар дафтари”да қайд этилганларнинг ижтимоий ҳимояси, бу жараёндан чиқиб кетиш чора-тадбирлари, оилалардаги турмуш қийинчиликларини енгишда аёлнинг журъати ва жасорати хусусида тўхталиб ўтилди.

Суҳбат жараёнида имконияти чекланган, 18 йилдан буён ижарада яшаётган Ў.Тошхўжаевага тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.

ОММАБОП ХАБАРЛАР

Наманган шаҳар ҳокими Ғафуржан Жамалов депутатликка сайланди
Яшнобод йўлларининг қурилиши учун ажратилган пуллар “ҳавога учиб кетган”
Ўзбекистон президенти янги қарорни имзолади
8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *