Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Помуқ шаҳарчаси “Малла” маҳалласида истиқомат қилувчи 1995 йилда туғилган Р.Ю. машинада мажбурлаб ўғирлаб кетилгани ва нотаниш йигит номусига тегилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда “Nasafnews” хабар бермоқда.

Март ойининг бошларида телефон қилиб, исми Одил эканлигини, қаерда яшашини, 1995 йилда туғилганини айтиб, мен билан танишмоқчи бўлди.

Менга уйланганини ҳам, фарзандлари борлигини ҳам умуман айтмади. Шу орада ҳар куни телефондан икки марталаб гаплашиб турдик.

Телефон қилганида мен сенга уйланаман, ота-онам обрўли дер эди. Мен ҳам ўша пайти айтганман, мен сен ўйлаган қизлардан эмасман, ота-онамнинг юзини ерга қаратишни истамайман деганман. Кейин у менга учрашайлик, кўрайин деб айтган. 14 март куни синглимни кўришга касалхонага келдим.

Касалхонага келганимни билиб, у ҳам келибди. Синглимни кўриб, ортга қайтаётган вақтим машинаси билан олдимга келди.

Машинага мин деди. Мен минмайман дедим. Кейин қўлимдан тортиб, итариб машинага миндириб, олиб кетди. Қаерга кетяпмиз десам, ҳозир келамиз, ҳеч нарса қилмайди, қайтариб олиб келаман деб, олиб кетди.

Чўл томонга, узоқ жойга бордик. Ўша жойни ўзида номусимга тегди. Нима қилиб қўйдинг десам, ҳеч нарса қилмайди, керак бўлса аввалги ҳолинга келтириб қўяман, шифокорларга беришга мени пулим кўп деб айтди.

Шундан кейин, икки кун сабр қилишимни айтди. Ота-онасини уйимга жўнатишга ваъда бериб, алдаб машинасидан кўчага тушириб кетди.

Менинг аҳволим oғирлашиб, ўша пайтда кўп қон йўқотдим. Кейин уйга зўрға бордимда, онамга бўлган воқеани айтиб бердим”,- дейди қиз суҳбатда.

Қизнинг онаси Назокат Назированинг айтишича, бу воқеалар содир бўлгандан сўнг, қиз кўп қон йўқотиб, аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага ётқизилган.

Шифокорлар томонидан енгил жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказилган. Ҳозирда у Помуқ шифохонасида даволанмоқда.

“5 нафар фарзандим, 2 нафар келиним бор. Бу номуссизликка чидай олмаяпмиз” дейди,- қизнинг онаси Назокат Назирова.

“Воқеа содир бўлгандан кейин қизимни ўша эркакнинг уйига олиб бордик. Биз билан қизимнинг дадаси ва бобоси ҳам қўшилиб борди.

Бизга эркакни кўрсатишмади. Унинг ота-онаси аввал қизингни йиғиб ол деб жанжал кўтарди. Шундан сўнг, ИИБга мурожаат қилдик. Қизимнинг аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага ётқизди”.

Назокат Назированинг айтишича, Помуқда бундай воқеалар кўп содир бўлмоқда.

Қизларни бир ўқишга ёки ишга жўнатишга энди юрагимиз қолмади. Номусига тегиб, олиб кетиб, чўлга элтиб ташлаб, ташлаб кетган йигитлар кўп бўляпти”,- дейди у.

Қизнинг бобоси воқеа содир бўлгандан кейин вилоят прокуратурасига борганини айтди.

Мен энди Ўзбекистон ривожланган давлатининг қонунига ишонаман. Бошқа иложим йўқ”,- деб қўшимча қилади 81 ёшни қаршилаган қизнинг кекса бобоси Рўзи Гуллиев.

Номуси топталган қизнинг отаси уларни ҳеч ким тингламаётганини, орадан вақт ўтган бўлса ҳам йигитга ҳали жазо чоралари кўрилмаганини таъкидлади.

Менинг қизимни Қ. Авазов деган одамнинг ўғли зўравонларча, босиб олиб кетиб, номусига тегиб, пулим кўп деб ташлаб кетган.  Орадан 15 кундан кўп вақт ўтди. Экспертизага топширдик. Лекин жавоби чиққан деб, биздан яширишяпти.

Бундан кейин вилоят прокуратурасига, туман прокуратурасига ва ҳокимликка ҳам мурожаат этдик. Терговчи бизни ишимизни қонуний ўрганмаётгани ҳақида шикоят қилдик”,- дейди қизнинг отаси Бўриқул Гуллиев.

“Nasafnews” мухбири воқеа юзасидан дастлаб “Малла” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бобониёз Холиқовдан маълумот олишга ҳаракат қилиб кўрди.

Қиз отаси билан касалхонага синглисини кўришга келган. Отаси бирга олиб кетаман деган, йўқ дада ўзим бораман деб, машинадан тушиб қолган”,- дейди раис.

Маҳалла раиси воқеа бўйича тергов давом этаётганини маълум қилиб, қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган йигит “Баҳористон” маҳалласида истиқомат қилишини айтди. Ҳолат эса Муборак тумани билан чегарадош “Гулобод” маҳалласининг чўл ҳудудида содир бўлган.

Шундан сўнг, ҳудудда жойлашган Миришкор туман Ички ишлар бўлимига қарашли 2-сонли ички ишлар бўлинмасига бордик. Бўлинмага кирган сайт мухбири қаршиликка учраб, видеотасвирга тушириш мумкин эмаслиги важ қилиб кўрсатилиб, бинодан чиқариб юборилди.

Орадан бироз вақт ўтиб мазкур бўлинма бошлиғи Нурмат Аширов бино ташқарисига чиқиб, биз билан суҳбатлашди.

Биринчи воқеа бўлган кун, шу ерга йигитлар олиб келди. Ман ўзим гаплашганман. Қиз билан гаплашганим йўқ у масалани, ман у болани ўзи билан гаплашдим. 10 кундан бери танийман уни, 10 кундан бери телефонда гаплашиб юрувдик деди” ,- дейди воқеа ҳақида гапирган бўлим бошлиғи.

Нурмат Ашировнинг қўшимча қилишича, шу куни тергов-тезкор гуруҳи чақирилган. Иш билдирги асосида тергов-тезкор гуруҳига ўтган.

Мазкур ҳолатни ўрганаётган Миришкор туман ИИБ терговчиси Бобур Абдуллаевнинг айтишича, юқоридаги воқеа бўйича ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговчи қолган маълумотларни сайт ходими хат билан мурожаат қилсагина маълум қилинишини айтган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.