«Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримовнинг Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, Ўзбекистон МТРК Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва яна учта турнирни уч йил давомида Ўзбекистон ҳудудида ТВ-трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.

«Ўзбекистон МТРК УЕФA Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, УЕФА Конференциялар лигаси, Европа Суперкубоги ва ЕЧЛ ўсмирлар лигаси мусобақаларининг мамлакатимизда кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди. Янги мавсумдан бошлаб мухлислар ушбу турнирларни МТРКнинг икки телеканали – «Спорт» ва «Маҳалла» телеканаллари орқали томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Биз ушбу мусобақаларни уч йил давомида намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Шунингдек, Германия Бундеслигаси баҳсларини ҳам намойиш этишда давом этамиз. Осиё Чемпионлар лигаси ТВ-трансляция ҳуқуқи масаласида музокара ўтказилган бўлса-да, ҳали келишувга эришилмаган».

Маълумот учун, сўнгги йилларда клублар ўртасида Европанинг энг нуфузли турнирлари саналмиш ЕЧЛ ва Европа лигаси ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқи «UzReportTV» ва «FutbolTV» каналларида эди. «Спорт» телеканали эса Ўзбекистон Суперлигаси, Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокидаги ўйинлар ва Германия Бундеслигаси баҳсларини намойиш этаётганди. Янги мавсумдан бошлаб юқоридаги турнирлар ҳам телеканал эфиридан жой олади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон МТРК 2021 йилнинг ёзида ўтадиган Токио-2020 Олимпиадаси ТВ-трансляцияси ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *