Маълумки, Ўзбекистонда бугунга қадар COVAX дастури орқали 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинган бўлса, 27 март куни 1 миллион дозада ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси келтирилди.
Эмлаш тадбирлари қайси вакцина билан бошланади? Қайси ҳудудларда ушбу жараёнлар биринчи бўлиб амалга оширилади. Ушбу саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Атабеков аниқлик киритди:
“Аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш иккала турдаги вакцина билан бир пайтнинг ўзида бошланади”, — деди мутахассис. Аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш қуйидаги тартибда амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилган:
Апрель ойида биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш;
Май ойида туман марказлари ва кичик шаҳарлар аҳолисини оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш;
Июнь ойида эса бошқа ҳудудларни оммавий эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш.
Мабодо май-июнь ойларида эмланиши режалаштирилган хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламида коронавирусга қарши эртароқ эмланишга ҳоҳиш пайдо бўлса, у ҳолда улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда жойлашган эмлаш пунктларига мурожаат қилишлари ва белгиланган кунда келиб эмланишлари мумкин бўлади.