Ички ишлар вазирлиги сўнгги кунларда фуқаро Миразиз Бозоровнинг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги “Хасти Имом” масжиди олдида ва “Амир Темур” хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқлар билан чиққанлиги ҳолати бўйича баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур намойишда бир неча киши қўлга олинган бўлиб, улар орасида Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов ҳам бор эди. Орадан 4 соат вақт ўтиб, у қўйиб юборилди. Журналист халқ тили билан айтганда – “Сквер”га жараёнларни ёритиш учун борган эди.

ИИВ баёноти: Миразиз Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган, хурмача қилиқлари акс этган видеолавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган.

Натижада, жорий йилнинг 28 март куни унинг намақбул чақириқларини ўзларига нисбатан хақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқаролар, бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига тўпланган.

Бунинг оқибатида, мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган.

Улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилиб, ёлғон чақириқларга ишонмасликлари, тартибсизликларнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат эканлиги тушунтирилди, улар ўзларига хулоса қилган.

 

Таъкидлаш лозимки, Миразиз Бозоров илгари ҳам ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозларга жавобан, ўзини, жабрдийда қилиб кўрсатиб, Ўзбекистонда ноананавий қарашларга эга шахсларга нисбатан гўёки босим ўтказилаётганлигига хорижий давлатларнинг вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишга уриниб келган.

Бузғунчи ташқи кучлар ва ғаразли ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётган ушбу шахс, бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик ва тоқатсизлик кайфияти шаклланишига шароит яратган.

Бу ҳаракатлари, ҳуқуқий билими саёз ҳамда ҳиссиёт ортидан қувишга мойил фуқароларимиз томонидан, қонунга зид ҳаракатларни содир этиб, ўзбошимчалик ва тартибсизлик содир этишларига замин яратган.

Бундан ташқари гувоҳи бўлганимиздек, ҳуқуқбузарлардан бир нечтаси Бозоровни уйи олдида ушлаб олиб, уни калтаклашган ва қатор тан жароҳатлари етказишган.

Ҳозирда, юзага келган тартибсизлик юзасидан ҳамда Бозоровга тан жароҳати етказиш ҳолати бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.