Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев товламачиликда айбланаётган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг иши бўйича муносабатини билдирди.

Жумладан, Кушербаев бу жараён судларнинг мустақилми ёки йўқлигини кўрсатиб берувчи синов бўлиши эканлигини айтади.

“Блогер Отабек Сатторийни иши бўйича деярли ҳамма нарса ойдинлашиб қолди. Менимча буни кўрмаслик, тушунмаслик учун кўр ва камига ақли ноқис бўлиши керак инсон.

Айтганча, ундай бўлмаса  адолатни ўлдириб, виждонни сотвориш йўли ҳам бор. Кеча ялпи мажлисда туман ва шаҳарлардаги судларнинг маҳаллий  депутатларга ахборот беришини суднинг мустақиллиги учун ҳалақит бераяпти, деб қонунни ўзгартиришни истаётган Олий суд раиси Козимжон Камилов бошлиқ суд ҳокимияти учун блогер билан боғлиқ бу иш ҳақиқий синов бўлади менимча: суд мустақилми, йўқми?

Дарвоқе, судларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари олдида вақти-вақти билан ахборот бериб  бориш ташаббуси муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташаббус қилинган ва шу асосда қонунга ўзгартириш киритилган эди. Ўз вақтида буни ижобий қабул қилган Олий суд раҳбарияти, бугун бу суднинг мустақиллигига ҳалақит беришини айтмоқда. Савол: ўша вақтда нега Олий суд буни айтмади?

Мен эса суднинг мустақиллигига ҳалақит бераётган асосий омиллар бу каби ахборот беришдан кўра бошқа каттароқ сабаблар билан боғлиқ деб ҳисоблайман…

Нима бўлганда ҳам биз суднинг тўла мустақил бўлишини қўллаб қувватлаймиз, агар бу тизим ҳақиқатда мустақил бўлиб, адолат йўлида ишлашни истаса албатта”, дея муносабат билдирган Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Отабек Сатторий иши бўйича навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтди. Унда блогер 56 кундан бери қамоқда қолаётгани, фарзандлари ва онасини кўра олмаётган, шунингдек, суд ҳайатидан уни нега эшитишмаётганидан нолиб гапирди.

“Тўғрисини айтсам, суд жараёнларида қатнашиб юрмаганман. Жиноий ишларга аралашиб, кимлар биландир “разбор” ҳам қилмаганман.  Айбловда айтилгани каби, ҳеч кимни уриб, силтаб, кўрткасини йиртмаганман.

EFFECT.UZ
Фото: EFFECT.UZ

Мени ҳам эшитинглар илтимос, фақат ва фақат айбдор қилиб ташламанглар. Менинг бозорда тасвирга олган видеоларимни қўлимдан олиб ўчириб ташлашди. Нима, “контрабанда”ларни фош қиляпманми, ўчиришади?!  Ҳеч кимга тиламайман “турма”да ўтиришни, ҳеч кимга.

56  кундан бери онамни кўрганим йўқ, онамни қучоқлаганим йўқ. Ҳамма менга қарши (йиғлаб). Икки яшар боламни қўрганим йўқ, маҳкам бағримга босганим йўқ!” – деб блогер суддан адолат сўради.

 

Сатторий ўзини айблаётганларга қарата “менинг телефонимни олиб қўйганларингдан сўрг, кечирим сўрадинглар – ку, ўшанда нима учун кечирим сўрадинглар? Қилмишларинг учун кечирим сўрадингларми? Ички ишлар ходимлари ҳам ўша ерда эди!” – деган бўлса, суд раисига юзланиб: “Тизим менга қарши турибди, тушуняпсизми? Мени сиёсий душмандек қабул қилишяпти!” –  деган гапларни алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

1: 2021 йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» маҳалласида яшовчи тумандаги «Чинора Гул Барака» раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан Отабек Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Отабек Сатторий қиймати 5 миллион сўмлик Vivo-Х50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган;

2: Отабек Сатторий «Термизшаҳаргаз» таъминоти бўлимида «Суюлтирилган газ» хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиш ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1,5 миллион сўм беришини талаб қилган.

Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни «Ҳудудгазтаъминот» Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар беришини талаб қилган;

3: «Ҳудудгазтаъминот» Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг «Шаҳринав» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган;

4: «Ҳудудгазтаъминот» Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг «Чилонзор» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;

5: Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар Истиқлол кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган «Термиз эко экспресс лойиҳа» раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилган. Онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар, «Саломатлик» кўчаси, 1-уйдаги ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234,8 миллион сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 миллион сўм бўлган 2 хонали ва 431 миллион сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилган. «Термиз эко экспресс лойиҳа» томонидан Истиқлол кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган;

6: Бу ҳолатда 245,1 миллион сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 миллион сўм пулларни (жами 549,1 миллион сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган;

7: Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалдан зиддиятда бўлиб келган, Сабоҳат Равшанова орқали Мастона Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган;

8: Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Насиба Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаган. Туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ фикри» гуруҳ ва каналларига жойланган ҳолати юзасидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат қилиш) 3-қисми «а» ва «г» бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш)3-қисми «а» банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб, 29 январь куни ҳибсга олинган эди. Депутат Расул Кушербаев блогернинг қўлга олинишига биринчи марта ўз муносабатини билдириб, бу ҳолатни «амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир» деб таърифлаганди.

EFFECT.UZ

Блогернинг ҳибсга олиниши юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирди.

“Қонунни бузишга на журналист ва на блогер ҳақли. Мен бу ҳақда кеча ўз фикримни билдирдим. Лекин нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти?

Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида ‘ҳурмат-эҳтиромми’? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими? Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди?

EFFECT.UZ

Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз”, деган Алламжанов.

Кейинроқ Олий суд ушбу блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмагани ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилгани маълум бўлганди.

11 февраль куни Бош прокуратура блогер Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушганини маълум қилганди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *