25 март куни Сурхондарё вилояти, Музработ тумани суди биносида айни дамларда ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторийнинг навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтди. Кейинги суд 2 апрель кунига белгиланди. Суд жараёнида холислик, очиқ – ошкораликни ва шаффофликни таъминлаш мақсадида  Effect.uz журналистлари Музработ туманига етиб боришди.

Судда иштирок этган Шеробод тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов ўз кўрсатмаларида Отабек Сатторий билан икки марта учрашгани, илк марта 2020 йил 18 декабрь куни, иккинчисида 28 январь куни кўришганини айтди. У 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий ва унинг ёнидаги шериги ҳокимиятга келиб, телефонини Шеробод бозорида икки нафар йигит тортиб олганини айтгани, шундан сўнг бозорга борганини билдирди.

Шеробод бозорига борганимиздан кейин, Отабекнинг телефонини тортиб олган йигитларга қайтариб беришини айтдим. Шу пайт бозорнинг бошқа ҳудудида тўполон бўлиб қолди. Ўринбосарим билан бориб, ўзаро тортишиб қолган аравакаш ва сотувчиларни тинчитиб қайтиб келдим. Қайтганимда, йигитлар тортиб олган телефонни Отабек Сатторийга қайтариб беришибди.

Ўша йигитларга кечирим сўранглар дедим, кечирим сўрашди. Икки орада гина-қудрат қолмади. Отабек Сатторий ва унинг шериги бозорда яна бироз видеолавҳа олишди. Сўнг улар кетиш тараддудига тушишди. Шу ерда хайрлашдик. Бошқа гап бўлмади, – деди Зиёдулла Давлатов.

Шеробод тумани ҳокимининг айтишича, у Отабек Сатторий билан 28 январь куни иккинчи марта ҳокимият биносида кўришган. Бу сафар унинг ёнида бошқа йигит бўлган. Улар 2017 йилда уй-жойи “снос”га тушган одамларнинг мурожаати бўйича келганини айтиб, ҳоким ва ўринбосаридан ўша иш бўйича изоҳ сўраган.

Зиёдулла Давлатов Отабек Сатторий икки марта кўришганда ҳам ундан телефон сўрамаганини, Отабек Сатторий билан борган мухбир ҳоким ва унинг ўринбосарига: “Отабекнинг зарар етган телефонини қандай ҳал қиламиз?” деб 2-3 марта сўраганини маълум қилди. Ҳоким ўз ўринбосарига бу ишни суриштириб кўришни айтган. Зиёдулла Давлатовнинг айтишича, 2020 йил 18 декабрь куни Отабек Сатторий Шеробод бозорида телефонига ва кийимига зарар етказишгани ҳақида унга ҳеч нарса демаган.

Фото: EFFECT.UZ

Ҳокимнинг кўрсатмалари Отабек Сатторийни қаноатлантирмади ва у ҳоким ёлғон кўрсатма бераётганини айтди.Отабек Сатторий, Шеробод тумани ҳокими билан иккинчи марта кўришганда ҳоким унга: “15 февраль куни туғилган кунинг бўлса, менга 14 февраль куни қўнғироқ қил, телефон совға қиламан”, деб айтганини маълум қилди.

Зиёдулла Давлатов “14 февраль куни қўнғироқ қил” деб айтганини тан олишини, аммо “телефон совға қиламан” деганини инкор этишини билдирди.

Шунингдек, бугун 26 март кун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Отабек Сатторийнинг суди  тўғрисида ўз қарашларини баён этди:

“Блогер Отабек Сатторийн иши бўйича деярли ҳамма нарса ойдинлашиб қолди. Менимча, буни кўрмаслик, тушунмаслик учун кўр ва камига ақли ноқис бўлиши керак инсон. Айтганча, ундай бўлмаса  адолатни ўлдириб, виждонни сотиб юбориш йўлиям бор.

Кеча ялпи мажлисда туман ва шаҳарлардаги судларнинг маҳаллий  депутатларга ахборот беришини суднинг мустақиллиги учун ҳалақит бераяпти, деб қонунни ўзгартиришни истаётган Олий суд раиси Козимжон Камилов бошлиқ суд ҳокимияти учун блогер билан боғлиқ бу иш ҳақиқий синов бўлади менимча: суд мустақилми, йўқми?

Дарвоқе, судларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари олдида вақти-вақти билан ахборот бериб  бориш ташаббуси муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташаббус қилинган ва шу асосда қонунга ўзгартириш киритилган эди. Ўз вақтида буни ижобий қабул қилган Олий суд раҳбарияти, бугун бу суднинг мустақиллигига ҳалақит беришини айтмоқда. Савол: ўша вақтда нега Олий суд буни айтмади?

Мен эса суднинг мустақиллигига ҳалақит бераётган асосий омиллар бу каби ахборот беришдан кўра бошқа каттароқ сабаблар билан боғлиқ деб ҳисоблайман…

Нима бўлгандаям биз суднинг тўла мустақил бўлишини қўллаб қувватлаймиз, агар бу тизим ҳақиқатда мустақил бўлиб, адолат йўлида ишлашни истаса албатта!” – деган депутат.

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

1: 2021 йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи тумандаги “Чинора Гул Барака” раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан Отабек Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада Отабек Сатторий қиймати 5 миллион сўмлик Vivo-Х50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган;

2: Отабек Сатторий “Термизшаҳаргаз” таъминоти бўлимида “Суюлтирилган газ” хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиш ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1,5 миллион сўм беришини талаб қилган.

Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни “Ҳудудгазтаъминот” Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар беришини талаб қилган;

3: “Ҳудудгазтаъминот” Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг “Шаҳринав” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган;

4: “Ҳудудгазтаъминот” Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг “Чилонзор” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;

5: Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар Истиқлол кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган “Термиз эко экспресс лойиҳа” раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилган. Онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар, “Саломатлик” кўчаси, 1-уйдаги ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234,8 миллион сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 миллион сўм бўлган 2 хонали ва 431 миллион сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилган. “Термиз эко экспресс лойиҳа” томонидан Истиқлол кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган;

6: Бу ҳолатда 245,1 миллион сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 миллион сўм пулларни (жами 549,1 миллион сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган;

7: Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалдан зиддиятда бўлиб келган, Сабоҳат Равшанова орқали Мастона Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган;

8: Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Насиба Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаган. Туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” гуруҳ ва каналларига жойланган ҳолати юзасидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат қилиш) 3-қисми “а” ва “г” бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш)3-қисми “а” банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Мухбирлар: Ф.Меҳмонов, Д.Ҳасанов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *