Андижон вилоятининг Балиқчи тумани ҳокими Жасур Абдураимов ёш тадбиркорлар билан учрашувда ўринбосарини койиб, унга ҳокимлик ҳаракатларига қаршилик кўрсатаётган ёшлар устидан ИИБга ариза ёзиб бериши кераклигини айтди. Бу ҳақдаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. “Дарё” нашри уни эълон қилди.

Видеода асабийлашгани кўринган ҳоким ўринбосарига “Бир тийинга қиммат бола экансан, ноинсоф!”, деганини эшитиш мумкин.

“Сиз, нима? Кимдан икки минг доллар талаб қиляпсиз? Мен сени 10 марта огоҳлантирдим, тўғрими? Ҳамманинг ичида ҳам огоҳлантирдим, ҳаммадан ташқари ҳам огоҳлантирдим… Икки минг доллар ‘уже’, сен олибсан. Тушундингми? Мен, сен у болани ёмон кўрар эканман. У болани ёмон кўрганим учун ерини чиқартириб юборибман. Мен шунақа қилдимми? Мана гапир… Қиблага қараб гапир, бўлмаса”, дея ҳоким ўринбосарини сўроққа тутган.

Бунга жавобан ҳоким ўринбосари “Ўлчаётганимизда бир сотихга талашгани учун шунақа қилдим”, дея тушунтириш берган.

Маълум бўлишича, ҳокимлик ёшлар саноат зонасидан ер ажратишда рўйхат бошида турганларнинг айримларини тушириб қолдирган ва ер бермаган. Ёш тадбиркорлардан бири эса бунда ҳоким ўринбосарини айблаб, ер олиш учун ўринбосар ундан 2 минг доллар талаб қилганини ва пулни олганини айтган. Ҳоким эса бунга жавобан ўринбосарига пора олмаган бўлса, ёш тадбиркор устидан ёзиб бериши кераклигини айтган. Шунингдек, ҳоким агар тадбиркорнинг гапи рост бўлиб, исботлай олса, ўринбосарини қаматишини билдирган.

“Эй, чиқариб юбор, қўрқма, чиқариб юбор, тушундингми? Хоҳлаган жойига борсин. Исботлаб беролмаган мана бу болага ҳозир мен тушунтириб бердим. Исботлаб беролмаган “любойи”ни чиқариб юборасан. Ҳар битта бола мана шунақа қилиб берсин. Битта-битта эрталаб ўзим қабул қилиб оламан ҳаммасини. Кўрасан, 66 та эмас, 86 та лот қиламан мана шу ерда. Лотни бўлмайсан, тўхтатасан ҳозир. Мен сенга ишонган эдим, бир тийинлик бола экансан. Бир тийинга қиммат бола экансан, ноинсоф”, деган Балиқчи ҳокими.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.