Effect.uz ахборот агентлигига Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Камангарон қишлоғидан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, 14 минг аҳоли истиқомат қиладиган бу ҳудудда асосий муаммо сув билан боғлиқ.

“Қишлоғимизда айни дамда 14 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 1967 йили қишлоғимиз одамлари  ҳашар йўли орқали ўз ҳисобларидан 5 километрлик бетон ариқ билан сойга оқиб кетадиган сувни қишлоққа олиб келишган эди.  Бундан 31 йил аввал труба билан ичимлик сувини ҳам олиб келишганди.  Сел ювиб кетиши сабабли ҳар йили таъмирлаб турар эдик.  Бу йил қишлоқдошлар билан маслаҳатлашиб, сел олиб кетадиган жойга труба ўрнатмоқчи бўлдик.

Сафарали Ҳасанов

Ҳаммаси шундан бошланди. Биз труба олиб келсак, қўшни қишлоқнинг суви камайиб кетармиш. Аста – секин бу жараён жанжалга айланиб кетиб, ўртага юқори ташкилотлар жумладан, ҳокимият ҳам аралашди. “Оқавасув” бошлиғи Зоир Жўрабеков бошчилигида лойиҳа тузишди. Сизга айтсам, лойиҳа умуман нотўғри тузилган. Унга кўра, олдинлари битта жойга сув йиғиладиган ва 3 – 4 соатда тўладиган ҳовузимиз эндиликда 9-10 соатда тўлармиш.

Қўшни қишлоқ билан муносабатимиз бузилмоқда. 2003 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу ерда ҳоким бўлиб ишлаган пайтларида бу муаммога чек қўйганди. Айни дамларда лойиҳани қўздан кечирган қишлоғимиз аҳолиси жуда норози. 14 минг аҳоли додини кимга айтишни билмаяпти.

Ҳеч ким эшитмаяпти. Нима учун мутасаддилар, фуқароларнинг дардига қулоқ тутмаяпти? 2020 йил, август ойидан бери қўшни қишлоқ билан ўртамизда низо пайдо бўлган. Буни бир оғиз гап билан ҳал қилишлари мумкин эди!” – дейди мурожаатчилардан бири Сафарали Ҳасанов.

Яна бир фуқаро эса айни вақтда “экинларни суғоришга сувимиз йўқ” деган иддао билан чиқмоқда.

“Қўшни қишлоғимизнинг ҳам оқар суви, ҳам  труба орқали ўтган ичимлик суви бор. Бизда эса фақат ичимлик сувигина бор, холос. Экинларни суғоришга сувимиз йўқ. У қишлоқнинг аҳолиси 6 минг бўлса, бизда 14 минг. Уларнинг сувлари кўп. Биронта мутасадди раҳбар дардимизга қулоқ тутмаяпти.  Лойиҳа умуман нотўғри тузилган. Бундан норозимиз! – деди фуқаролардан яна бири.

Боғбонлик билан шуғулланадиган отахон бўлса, 1 гектар боғи бир йилдан бери сув ичмаслигини, ариқдан ковлаб олай деса, Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари қаршилик кўрсатишини маълум қилди.

Хуллас, кўринишидан оддийдек туюладиган бу масала сунъий равишда чигаллаштириб юборилган.  Мутасаддилар шуни унутмасинки, агар тепадан ойни олиб беришса ҳам аввало, бунга халқ рози бўлиши керак. Аҳоли норозилиги билан қилинган ҳар бир иш, ҳеч қачон ўзини  оқламаган.  Унутманг, адолатни юзага чиқариш унча ҳам қийин эмас, аммо нотўғри қарорлар чиқариб одамларни “эзиш” жуда-жуда осон!

Мухбир: Даврон Ҳасанов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Оператор: Ойбек Тўраев