“Самарқанд вилояти ҳокимига мурожаат қилгандим, аммо Эркинжон Турдимов мени 15 суткага қаматмоқчи бўлди”, дейди пастдарғомлик фермер аёл Дилфуза Ғуломалиева.

Effect.uz ахборот агентлигига Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида фаолият юритадиган фермер, аёл бўлишига қарамай, 30 га яқин кишини иш билан таъминлаган Дилфуза Ғуломалиевадан мурожаат келиб тушди. Бизга маълум бўлишича, Д.Ғуломалиеванинг фермерлик ва тадбиркорлик фаолиятига кўплаб тўсиқлар бўлмоқда ва бундан ташқари турли босимлар ушбу аёлни чарчатган.

Фермер аёл – Дилфуза Ғуломалиева

“2006 йилдан отам юритиб келган фермер хўжалигини 2008 йилдан бошлаб ўзим бошқариб келаман. Фермер хўжалигимиз чорва ҳамда пахта-ғаллачиликка ихтисослашган. Режаларни ўз вақтида бажариб,  ҳалол ишлаяпман. 2006 йилдан бери Ҳамза Ҳожимаматов исмли шахс ҳар–хил баҳоналарни рўкач қилиб, еримни тортиб олишга уринади.  Ҳатто 6,5 гектар ерга экилган ғалламни ҳеч бир асоссиз  ўриб олиб кетган.

Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худайбердиев

Бу масалада Пастдарғом тумани ҳокими қабулига чиққанимда, у киши “сиз ишлайверинг, пулини ундиртириб берамиз” – деган эди. Аммо бу амалга ошмади. Аксинча,  ўз ҳисобимдан эккан 13 гектар пахтага ҳеч қандай шартнома қилишмади.

Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худайбердиев

Пахта териш маҳалига келганда эса, мени судга беришди.  Жавоб тариқасида мен ҳам уларни судга бердим. 2020 йил 11 октябрь куни пахта теримини бошлаганимдан сўнг Пастдарғом туманидаги “Самарқанд Камалак Инвест” кластерининг хўжайини келиб, шартнома қилмаган экансиз, бизнинг ҳисобимиздан шартнома қилиб, пахтани топширасиз, ҳисоб – китобингизни қиламиз деди.

Ҳоп дедим, аммо ер майдонимдан етиштирилган 27 тонна пахтани олишди, бироқ 23,5 тоннага пул бераман дейишди. Сарсонгарчиликлардан сўнг, 2020 йил 23 декабрь куни улар менга 115 миллиондан 45 миллионини олишга рози бўлсанг, “пулингни бераман, бўлмаса, қўлингдан нима келса қилавер, катталарни танийман, сендан қўрқадиган жойим йўқ нима қилсанг қил, пулингни бермайман”, деб дағдаға қилишди. 115 миллион сўмдан зиёд пахта топширган бўлсамда, ҳанузгача пулини ололмайман. На ғалланинг пулини на бошқасини пулини ололмаяпман”, дейди Ғуломалиева.

Фермер аёл – Дилфуза Ғуломалиева

Дилфуза Ғуломалиева ўз сўзида давом этар экан қийналгани ортидан вилоят ҳокими Эркин Турдимовга мурожаат қилганида, ҳоким бу аёлга ёрдам бериш ўрнига уни “15 суткага қаманглар” деб топшириқ берганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимов

“2–3 йилдан буён Пастдарғом тумани ҳокимига мурожаат қиламан, фойдаси бўлмаяпти. 11 гектар еримнинг 5 гектари чорвачиликка мослашган. Қийналганимдан 40 бош чорва молларни уй шароитида боқяпман. Кам таъминланганларни ҳам иш билан банд қилишга бел боғлаганман. Ҳатто, мени вилоят ҳокими “15 суткага қаманглар!” – деб айтди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов

Агар ноҳақ иш қиган бўлсам, қамалишга тайёрман, ҳақлигимни исботловчи далилларим бор деб айтдим. Турдимов ҳақлигимни билгач, масъулларга “опага ёрдам бериб, тезда қарорини чиқаринглар” деган эди. Минг афсуски, ҳали ҳам ижро бўлмади. Бунинг ортида кимлар турибди. Қаерга борсам, ёрдам берамиз дейди-ю, яна шу ҳолича қолиб кетади”, дея куюниб гапирди фермер.

Дилфуза Ғуломалиеванинг қўшимча қилишича, Ҳамза Ҳожимаматов исмли шахс унинг тайёр бўлган ҳосилларини ўриб кетади ва унга нисбатан доимий таҳдид қилиб келади. Аёл боши билан оғир меҳнат қилаётган фермер мутассади раҳбарларнинг масъулиятсизлигидан нолийди.

Фермер аёл – Дилфуза Ғуломалиева

“Айбим меҳнат қилганимми?! Улар еримни тортиб олишмоқчи. Ўзим етиштирган маҳсулотларни беришмаяпти. Солиқ тўлаяпман, лекин ҳисоб рақамимни очиб беришмаяпти. Ҳамза Ҳожимаматов деганлари мени бор – будимдан айирди. Нима қилишни билмаяпман. Ҳосилимни йиғиштириб кетишмоқда. Уларни бунга нима ҳаққи бор? Бизни ким тинглайди? Ўзбекистонда ҳуқуқимизни ҳимоя қиладиганлар борми ўзи? Вазирликдагилар-у, омбудсманнинг қўлидан бир иш келмаяпти. Бу нима деган гап? Айбим, солиқ тўлаб, ҳалол меҳнат қилаётганимми? Илтимос, менга босим қилаётганларга нисбатан қонуний чора кўрилсин!”, дейди Дилфуза Ғуломалиева.

Мазкур ҳолатда қонун бузилишлари содир бўлаётган экан, унда нега қонунни четлаб ўтаётганларга чора кўрилмаслиги керак? Ёки замон зўрникими? Нима бўлганида ҳам адолат қарор топишини истаймиз.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Effect.uz ахборот агентлиги Иштихон туманида бўлиб, ўзини “Гано Шифо” компанияси ходимаси сифатида таништириб, тадбиркор М.Жонузақовнинг ишончига кириш орқали ундан 1 миллиардлик мол-мулкини талон-тарож қилган Г.Қга нисбатан жиноят иши очилишини ёқлаб чиқишган эди.

“Гано”даги фирибгардан 1 миллиардга куйдим. Ёш аёлга алдандим! – иштихонлик Мамарасул Жонузақов

Мухбир: Акмал Эшонхонов

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Оператор: Достон Абдуқодиров