Қорақалпоғистонда маст ҳайдовчи Ички ишлар инспекторининг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ отряди учинчи сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Данияр Қаирбоев ўз хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган.

“2021 йил 21 март куни Мўйноқ тумани ҳудудидаги 4Р-173 автомобиль йўлининг 91-93 километри оралигида ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида УАЗ-3303 русумли автотранспорт воситасини тўхтатиш вақтида уни маст ҳолда бошқариб келаётган ҳайдовчи инспекторни уриб юборди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатда тан жароҳатини олган инспектор шифохонада ўзига келмасдан вафот этган”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.