Effect.uz ахборот агентлигига эл суйган санъаткор Ўзбекистон, Туркманистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти, ўзбек қўшиқчилигининг тирик афсонаси, шахсан машҳур ҳинд актёри Раж Капур билан учрашиб, қўшиқларини маҳорат билан куйлаб унинг эътиборига тушган Бобомурод Ҳамдамов оиласидан мурожаат келиб тушди.

Ҳозирда 81 ёшни қаршилаган ҳофиз кўчада қолиши мумкин. Бунга асосий сабаб, хонанданинг қизи Гавҳар Ҳамдамова отаси номидаги уйни ўз номига ўтказганлиги бўлиб, у бундан ташқари оилада мавжуд бўлган машина ҳужжатларини ҳам олиб қўйган.  Бобомурод Ҳамдамовнинг айтишича, қизи унга тегишли бўлган икки хонали домни ҳам сотиб юборган.

“Қизим бизни “алдаб” ҳужжатларга қўл қўйдириб олди”, дейди Бобомурод Ҳамдамов.

Хонанда ва унинг рафиқаси эса қарилик оқибатида бу жараён амалга оширилаётган вақтда хушёр тортмаган.

“Яқинда қизим Гавҳар (Хожи она) уйимизга келиб жанжал кўтарди. Бақириб, ўзини ташлаб юборди-да, “укам урди”, “тепди” – деб касалхонага ётиб олди. Аслида ўғлим қўл кўтармаган бўлсада, уни қаматмоқчи бўляпти!”, дейди Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи.

Еffect.uz  журналисти Рухсора Баҳромзода укасини қўл кўтарганликда айблаётган Гавҳар Ҳамдамова ётган шифохона (Жуковский) га борганида, шифохона қабул дафтарида “Травматология ва ортопедия бўлими 4-қават, 4-палата”да даволанаётганлиги қайд этилишига қарамай, бемор жойида йўқлиги маълум бўлган.

Орадан вақт ўтиб эса, Гавҳар Ҳамдамова мустақил блогерга интервью берган. Интервью эса, айнан шу касалхона палатасида олинган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Гавҳар Ҳамдаванинг турмуш ўртоғи айнан мазкур шифохонада фаолият кўрсатади.

“Опам, мени ва аёлимни доим ота – онамга  ёмонлаб келган. Сабаби, уларга яқинлашишимизни истамаган.  Ҳар – хил ёлғонлар билан бизни қийин вазиятда қолдирди!” – дейди устоз санъаткорнинг ўғли Шамсиддин Ҳамдамов.

Бобомурод Ҳамдамовнин ўзи эса қизи унга озор бераётганидан қаттиқ хафа эканлигини таъкидлади.

“Уйимни қайтиб берсин, номимда бўлган домни ҳам қайтариб берсин”, дея хўрсиниб гапиради Бобомурод Ҳамдамов.

Effect.uz ахборот агентлигининг журналистик суриштирувлари давомида ходимларимизга нисбатан кўплаб негатив фикрлар билдирилмоқда. Жумладан, биз оилавий можаролар ишқибози эмасмиз, аммо Бобомурод Ҳамдамовнинг эл ва юрт олдида обрўси баланд ва бундай инсоннинг қадр-қиммати топтатилиши ва бу ҳолат унинг фарзандлари томонидан амалга оширилишига жим қараб туролмаймиз.

Зеро, Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди.

“Субулус Салом” китобида  эса Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар.

Бобомурод Ҳамдамовни халқ яхши кўради. Кексайган пайтида бундай воқеаларнинг содир бўлаётганлигини кўриб  кўпчиликнинг кўзига ёш келаётганлиги ҳам бор гап.  Мол – дунё ҳаммадан қолади. Аммо ота – она розилигини улар тириклигида олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.  Бу неъматга тупурганлар хор бўлгай…

Мухбир: Рухсора Баҳромзода

Матн муаллифи: Аброр Поёнов

Оператор ва монтаж устаси: Хайрулла Ўрозбоев