Жорий йилнинг 16 март куни  Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Effect.uz журналистлари билан биргаликда Чиноз туманидаги Янги сув оқава иншооти қурилишида юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ушбу туманга ташриф буюрди.

Чиноз шаҳрида 14 та маҳалла мавжуд. Кушербаев ҳар бир деталга алоҳида эътибор берган ҳолда жараёнларни ўз кўзи билан кузатди. Масъулларга диққат билан қулоқ тутиб, уларнинг фикрларини эшитди, ора – орада аҳоли тушунишга қийналадиган саволларга жавоб топишга уринди.

“2022 йилда  Чинозда яна янги лойиҳа амалга ошиши кутилмоқда. Яъни, ҳозирда чизмалари тайёр ҳолда турибди!” – дейди мутахассислардан бири.

Кушербаев қандай камчиликлар  бўляпти деб сўраганида, масъуллар камчиликлар секинлик билан бўлсада, бартараф этилаётганлигини таъкидлашди. Маълум бўлишича, иншоотда ҳамма нарса жойи – жойига тушиб, камчиликлар тўлиқ бартараф этилиши учун охирги муддат 2020 йил, декабрь ойи эканлиги ойдинлашди.

 

Бундан кўринадики, режа ўз вақтида бажарилмаган. Кушербаев бу борада нега лоқайдлик қилингани борасида сўраганида, асосий сабаб карантин эканлиги билан изоҳланди. Мутахассислар Туркиядан етиб келолмаганлиги айтилди. Охирги уч ойдан бери ишлар узлуксиз равишда ишлар тўхтатилмасдан давом этаётганлиги таъкидланди.

Техник носозликлар бўйича ҳам саволлар берилганида тўлиқ бўлмасада, қисман жавоб олинди.  Кушербаев домларнинг канализация муаммоси ҳал бўладими ёки йуқми деб савол берганида, масъуллар бу муаммолар тез кунда ўз ечимини топишини айтишди.

Шунингдек, Кушербаев Чиноз туманидаги   2019 йилда қуриб битказилган ва 160 ўринга мўлжалланган 34 – сонли боғчада юзага келган  муаммолар бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.  Маълум бўлишича, боғча атрофидаги нохуш ҳолатлардан бири бу  бадбўй ҳидларга чидаб бўлмаслиги бўлган.

Кушербаев бу борада энди муаммо бўлмаслигини айтди. Кушербаев нисбатан янги ҳисобланган ва қурилганига эндигина икки йил бўлган  боғчанинг деворлари кўчиб ётганлигига гувоҳ бўлди. Учрашув давомида боғча канализация тизимига уланмаганлиги ойдинлашди ва бу муаммони ҳал қилиш учун Кушербаев томонидан узил – кесил бир ой муҳлат берилди.

Эслатиб ўтамиз, орадан икки кун ўтиб, яъни 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам Чинозда бўлиб, сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирганди…

Аброр Поёнов

Effect.uz