Ховос туманидаги “Хуснобод-Қаҳрамон-Бинокор” қабристонида “Қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш” га бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг 11 январь куни Ховос туманига ташрифи чоғида нуроний кекса отахонлар билан бўлган суҳбатида тумандаги қабристонларни обод қилиш бўйича таклифлар киритилган эди.

Ушбу таклиф ўзининг амалий натижасини узоқ куттирмади. Кўп вақт ўтмасдан қабристонга борувчи йўллар текисланиб, шағал ётқизилди. Йўл ёқаларига 5000 га яқин турли навли дарахт кўчатлари экилди.

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида қабристон ҳудудида бир нечта айвонлар, кўчма ўриндиқлар, асбоб-ускуналар сақлаш учун омборхона ҳамда таҳоратхона қурилди. 2,5 минг метр куб бетон қопламалари ётқизилиб, қабрлар орасида йўлаклар барпо этилди.

Энг асосий муаммо бу сизот сувларининг мавжудлиги. Қабристон атрофида зовурлар қазилиб, сизот сувлари ушбу зовурларга йўналтирилди. Барча қабрлар бегона ўтлардан тозаланиб, сомон сувоқ билан қопланди.

Бу каби тадбирлар вилоятдаги мавжуд 164 та қабристонда давом этади. Гулистон шаҳрида 3 та, Янгиер шаҳрида 1 та, Ширин шаҳрида 1 та, Оқолтин туманида 7 та, Сардоба туманида 5 та, Мирзаобод туманида 17 та, Сайхунобод туманида 24 та , Боёвут туманида 24 та, Гулистон туманида 23 та, Ховос туманида 17 та, Сирдарё туманида 41 та қабристонлар ҳашар йўли билан обод этилади.

– Бошимга оғир кун тушганда мен шу ерга келардим. Шофёримга қабрларни кўрсатиб сўрардим: қани, қай бири шофёр, қай бири ҳоким, кўрсат? – дердим. У пайтда мен бошқа ишда ишлардим…

Мулоҳаза қилиб, айтардим мана бу қабрда раҳбар, бунисида ҳоким, бунисида шофёр ётибди. Нима фарқи бор, ахир борар манзилимиз бир-ку… Мана ҳаёт… Шунинг учун кўпроқ шу жойларга меҳр қўйсак ёмон бўлмайди, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев.