Кеча, 17 март куни сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг навбатдаги суд иши кўриб чиқилди. Суд жараёни тарафларнинг қаршилиги ва судянинг қарорига кўра жонли эфирда узатилмади. Мазкур суд жараёнида Effect.uz мухбирлари иштирок этди.

 

Блогер Отабек Сатторийга сўз берилганида, у терговчи “тамом пишдинг, қўлимизда қандай далиллар борлигини билмайсан!”дея тазйиқ ўтказганини, ОИТС билан касалланган беморлар билан бир хонада сақлашгани, шунингдек, унга иссиқ кийимлар олиб келинган бўлса ҳам, кийимлар изоляторга етиб келмаганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Сатторий кўзига ёш олиб, ягона умиди Президент Шавкат Мирзиёевдан эканлигини айтган.

“Бир ярим ойдан бери турмадаман. Президент судьяларга дахлсизлик ҳуқуқини берган. Шундай экан, адолат билан қарор чиқаришингизни сўрайман. Сурхондарёда халқ манфаатини ҳимоя қилган блогерни оёғидан кесишди. Яъни мени ҳийла билан эркимдан, оиламдан, ҳуқуқимдан, соғлиғимдан маҳрум қилишди. Сурхондарё вилояти аппеляция инстанцияси эҳтиёт чорасини қўлламади.

Жумладан, оддий блогерни хавфли касаллик юқтирган СПИД, Гепатит С ва бошқа вируслари бор одамлар билан бир хонага қамашди. Шахсан мени изоляторда ушлаб, гарчи отам кўчадан чопон олиб келиб берган бўлса – да, битта футболкада совуқ муз хонада сақлашди.

Отам икки ҳафта қатнаган аммо ҳеч ким отам олиб келган кийимларни қўлимга бермади. Бундан кўринадики, блогерни синдириш керак бўлган экан. Ҳар томонлама тазйиқлар бўлди. Синглимни ҳам терговга тортишди.

Ҳатто, терговчи “тамом пишдинг, қўлимизда қандай далиллар борлигини билмайсан!” – деди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “мен блогерларни ўз ҳимоямга оламан” сўзларини ёдга олди.

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

Жорий йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи тумандаги “Чинора Гул Барака” МЧЖ раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан О.Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада О.Сатторий қиймати 5 млн. сўмлик Vivo-X50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган.

О.Сатторий “Термизшаҳаргаз” таъминоти бўлимида “Суюлтирилган газ” хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг “Гулистон” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиши ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1.500.000 сўм беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг “Шахринав” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг “Чилонзор” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича О.Сатторийга нисбатан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

О.Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар “Истиқлол” кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган “Термиз эко экспресс лойиҳа” МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилиб, онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар “Саломатлик” кўчасидаги 1-уй ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234.835.000 сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 млн. сўм бўлган 2 хонали ва 431 млн. сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилиб, “Термиз эко экспресс лойиҳа” МЧЖ томонидан “Истиқлол” кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган.

Бу ҳолатда 245.165.000 сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 млн. сўм пулларни (жами 549.165.000 сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган.

Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалда зиддиятда бўлиб келган Сабоҳат Равшанова орқали М.Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган.

Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Н.Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаб, туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” гуруҳ ва каналларига жойлаштирганлиги ҳолати юзасидан 24 февраль куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

Мавзуга доир: Отабек Сатторий иши