Бугун блогер Отабек Сатторийнинг иши бўйича суд жараёнининг иккинчи қисми бошланди.

Ҳозирда Сурхондарёда Effect.uz журналистлари Фазлиддин Меҳмонов ва Даврон Хасанов бўлиб жараённи ёритиб бормоқда.

Эслатма: Афсуски суднинг қарори билан тўғридан-тўғри жонли эфир қилиш чеклаб қўйилган

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

  1. Жорий йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» маҳалласида яшовчи тумандаги «Чинора Гул Барака» МЧЖ раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан О.Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада О.Сатторий қиймати 5 млн. сўмлик «Vivo-X50» телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган.

30 январь куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган.

  1. О.Сатторий «Термизшаҳаргаз» таъминоти бўлимида «Суюлтирилган газ» хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиши ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1.500.000 сўм беришини талаб қилган.
  1. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.
  1. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг «Шахринав» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.
  1. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг «Чилонзор» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича О.Сатторийга нисбатан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
  1. О.Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар “Истиқлол” кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилиб, онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар “Саломатлик” кўчасидаги 1-уй ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234.835.000 сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 млн. сўм бўлган 2 хонали ва 431 млн. сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилиб, «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ томонидан “Истиқлол” кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган.

Бу ҳолатда 245.165.000 сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 млн. сўм пулларни (жами 549.165.000 сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган.

  1. Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалда зиддиятда бўлиб келган Сабоҳат Равшанова орқали М.Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган.
  2. Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Н.Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаб, туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни «Telegram» мессенжери ва «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Халқ фикри» гуруҳ ва каналларига жойлаштирганлиги ҳолати юзасидан 24 февраль куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

“Очиқ суд мажлисида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Жабрланувчилар фикрлари тингланмоқда. Айбланувчи эса айбловларни рад этмоқда. Айни пайтда ҳам очиқ суд мажлиси тўхтагани йўқ”,

Эслатиб ўтамиз, Сатторийнинг биринчи суди 11 март куни бўлиб ўтган эди.