Бугун, 17 март куни Сурхондарё вилояти Музработ туманида ЖКнинг учта моддаси билан айбланаётган блогер Отабек Сатторийнинг суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Дастлаб суд 11 март куни бўлиб ўтган ва унда жабрланувчилар ва айбланувчи томон эшитилган.

Effect.uz мухбирлари ҳар икки суд мажлисида ҳам иштирок этиб, жараённи ёритиб келишмоқда. Effect.uz ахборот агентлиги томонидан судьяга жараённи ёритиш бўйича илтимоснома ҳам киритилган бўлиб, 11 март куни суд бу илтимосномани қисман қаноатлантирган.

Яъни, судья дастлабки суд жараёнининг илк қисмини жонли равишда ёритган мухбирларни дастлабки суднинг танаффус қисми тугагач, суд мажлисини жонли ёритмасликка чақирди. Айтилишича, бу гувоҳларнинг кўрсатмалари бошқаларга ошкор бўлишининг олдини олади.

Шундан сўнг шахсан Effect.uz мухбирлари очиқ суд жараёнинини жонли равишда кўрсатишдан чекланиб, судянинг кўрсатмасини сўзсиз бажаришган. Кейинги жараёнлар ёзиб олинган ҳолда, кейинроқ Youtube ва Facebook’да омма эътиборига ҳавола қилинган.

Фото: EFFECT.UZ

Бугунги суд жараёнида жабрланувчиларнинг адвокати судьядан биринчи суд мажлисини жонли ёритган журналистларга нисбатан чора кўришни сўради. Kun.uz интернет-нашри биринчилардан бўлиб, мазкур жараённи ёритиб чиқди.

“Суд мажлисида қатнашаётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жабрланувчиларнинг адвокати судьяга суд жараёнини тўғридан тўғри видеога олиб ижтимоий тармоқларда ва интернетнинг бошқа ресурсларида тарқатишни тақиқлаш ва сайтлардан бирига аввалги суд мажлисида жараённи тўғридан тўғри видеога олиб тарқатгани учун чора кўришни сўраган.

Жабрланувчиларнинг адвокатига кўра, журналистлар ва блогерлар суд мажлисини видеога олиб жонли эфирда интернетга тарқатганлиги натижасида ижтимоий тармоқларда жабрланувчиларга нисбатан инсон шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи кўплаб изоҳлар қолдирилган. Шу сабабли адвокат суд мажлисидан жонли эфир тарқатган сайтлардан бирининг журналистларига нисбатан чора кўриш бўйича илтимоснома киритган.

Суд мажлисига раислик қилувчи судья адвокатнинг илтимосномасини қисман қаноатлантирган. Блогер ва журналистларга суд мажлисини тўғридан тўғри эфирга узатишни тақиқлаган. Суд мажлисининг аввалида жабрланувчилар сўроқ қилинмоқда”, дейилади Kun.uz хабарида.

Бундан ташқари, жабрланувчиларнинг адвокати судьядан яққол Effect.uz мухбирларига нисбатан чора кўришни сўрагани маълум бўлса ҳам Kun.uz ўз хабарида Effect.uz номини ёзишни лозим топмасдан, шунчаки “сайтлардан бири” дея тўлдирган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Сурхондарёда Effect.uz журналистлари Фазлиддин Меҳмонов ва Даврон Хасанов бўлиб жараённи ёритиб бормоқда.

Маълумот учун, Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

Фото: EFFECT.UZ

Жорий йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи тумандаги “Чинора Гул Барака” МЧЖ раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан О.Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада О.Сатторий қиймати 5 млн. сўмлик Vivo-X50 телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган. 30 январь куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган.

О.Сатторий “Термизшаҳаргаз” таъминоти бўлимида “Суюлтирилган газ” хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиши ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1.500.000 сўм беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг “Шахринав” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг “Чилонзор” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича О.Сатторийга нисбатан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

О.Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар “Истиқлол” кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган “Термиз эко экспресс лойиҳа” МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилиб, онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар “Саломатлик” кўчасидаги 1-уй ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234.835.000 сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 млн. сўм бўлган 2 хонали ва 431 млн. сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилиб, “Термиз эко экспресс лойиҳа” МЧЖ томонидан “Истиқлол” кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган.

Бу ҳолатда 245.165.000 сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 млн. сўм пулларни (жами 549.165.000 сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган.

Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалда зиддиятда бўлиб келган Сабоҳат Равшанова орқали М.Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган.

Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Н.Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаб, туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” гуруҳ ва каналларига жойлаштирганлиги ҳолати юзасидан 24 февраль куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўшимча айбловлар киритилган.