Америка овози журналисти Навбаҳор Имомова Effect.uz сайтига интервью берди ва “Фермерлар ҳақида фикрларингиз қандай? АҚШ билан Ўзбекистонда бу борада энг асосий фарқларни айтсангиз…” – деган саволга жавоб қайтарди:

“АҚШ қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг йириги ҳисобланади. Экспортда ҳам жуда катта рақамлар айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келади.  Биздан асосий фарқи шуки, улар ҳукуматдан улкан субсидия олади.  Давлат фермерларни ҳар томонлама қўллаб – қувватлайди.  

Байден ҳокимият тепасига келгач, эътибор янада ошиши кутилмоқда. Аммо фермерларнинг ўзи ҳам манфаати, ҳақ – ҳуқуқи учун курашади. Ўзларининг ривожланишига туртки бўладиган қонунлар қабул қилинишини исташади.

Ўзбекистонда эса қишлоқ  хўжалиги  ҳукумат томонидан бизнинг таянчимиз  деб айтиб келинган. Лекин  ҳеч қачон сармоя қилинмаган. Ислоҳотлардан ҳамиша четда қолиб келган.  Ҳатто, Ислом Каримов даврида ҳам ислоҳотлар олиб бориляпти деб иддао қилинганди.

Бироқ, қишлоқ хўжалиги ҳар доим четда қолиб кетган. Худди таълим соҳаси сингари. Мен ўзим қишлоқда катта бўлганман, онам колхозчи эди. Афсуски, ҳозир ҳам деҳқонга “бечора”, “қора қозони зўрға қайнайдиган”, “қора нон истеъмол қиладиган” тараф сифатида қарашлар шаклланган.

Мен ўзим катта оилада улғайганман. Деҳқончилик қилганмиз. Бир умр далада ишлаганмиз. Ҳеч қачон оч қолмаганмиз. Аксинча,  маҳсулотлар ишлаб чиқарганмиз, фаолиятимиз анча сермаҳсул бўлган.  Раҳматли онам, пилла боқиб, лавлаги етиштирса – да, ҳеч қачон қадрланмаган.

Мана шу ёндашув ҳали ҳам давом этяпти.  Агар ҳукуматга қулоқ тутадиган бўлсак,  улар кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётганини айтишади.  Лекин деҳқонлар билан гаплашганимизда  шу пайтгача бирор бир фермернинг ҳақиқатда “имкониятлар очилди”, “ишимиз осонлашди”,  “ўзимни иқтисодий жиҳатдан эркин ҳис қиляпман” – деганини ҳали эшитганим йўқ!” – деди Имомова.

 

Аброр ПОЁНОВ