Америка овози журналисти Навбаҳор Имомова Effect.uz сайтига  берган интервьюсида айни дамларда ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторий иши бўйича берилган саволга жавоб қайтарди:

“Журналист ва блогер судда  айбдор деб топилса, бу матбуот ва сўз эркинлигига чеклов сифатида қаралади. 

Ҳукумат вакиллари дод дейиши мумкин,  лекин биз шундай замонда яшаяпмизки,  журналист ва блогерларга тегмаслик керак

Бу улар ҳеч бир қонун – қоидани бузмайди дегани эмас,  ҳукуматлар блогер, журналистларнинг изига тушдими билсинки,  улар кескин танқид билан юзлашади. 

Ўзбекистонда ҳозир қанақа давр биласизми, ҳукумат матбуот ҳамда сўз эркинлиги нима эканини янаям агрессив тарзда белгилашга ҳаракат қилаётган давр. 

Журналистлар ҳам  бу соҳани ўзлари назорат қилишларини исботлашга ҳаракат қилаётган давр. 

Яъни, мана шундай зиддият бор. Бир томондан бу профессионал, соғлом зиддият. Биз пишиш учун мана шундай зиддиятлардан ўтишимиз керак.

Лекин афсуски, Отабек Сатторий мисолида кўришимиз мумкин ҳукумат ўзининг кучини муайян ҳолларда кўрсатиб қўйяпти. 

Журналистлар мукаммал бўлиши  керак дейишади. Кечирасиз – у, журналистлар мукаммал бўлиши учун аввало ҳукуматнинг ўзи мукаммал бўлиши керак. Журналист, блогерлар ҳам хато қилишга ҳақли.

Улар ҳам  баъзан ўйламасдан қадам ташлаб қўйишлари мумкин. Бу дегани уларни жиноий ишларда айблашимиз мумкин  дегани эмас. 

Бизга ёқадими йўқми, Ўзбекистонда Отабек Сатторийлар  ҳали бўлади келажакда.  Ҳукумат  параметрларни  яъни, қизил чизиқларни чизяпти.

Нафақат Отабек Сатторий балъки, бошқалар ҳам чиқиб кетмасин, уларни жазолашга ҳаракат қилиб бошқаларга ҳам  сигнал юборяпти.

Ҳукумат борки, қизил чизиқларни чизишга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ҳукуматида бу азалий касаллик. Ўзбекистон ҳукумати ҳамиша қизил чизиқларни чизиб келган!” – деди Имомова.

ОММАБОП ХАБАРЛАР