Навоий вилоятида кучли шамол ва қор туфайли айрим ҳудудлар аҳолиси “свет”сиз қолди. Қайд этилишича, вилоятнинг Учқудуқ, Томди туманлари ва Зарафшон шаҳрида 12 мартдан 13 мартга ўтар кечаси кучли шамол эсиб, қор ёғган.

Оқибатда, электр тармоқлари тизимида носозликлар келиб чиққан, айрим ҳудудларда аҳоли электр энергиясиз қолган. Aйни пайтда электр таъминоти корхоналари ходимлари томонидан ноқулай об-ҳаво шароити туфайли юзага келган вақтинчалик узилишларни бартараф этиш ишлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.

2 та туман ва 1 та шаҳар ҳудудидан ўтган йўлнинг бир қисми вақтинча ёпилди. Навоий вилояти Зарафшон шаҳар, Учқудуқ ва Томди туманлари ҳудудидан ўтган A-379 автомобил йўлининг 206-289 километрларида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Маълум қилинишича, вақти-вақти билан қор ва ёмғир ёғаяпти, шамол тезлиги 30-35 метр/секундгача кучайиб, йўлга сепилган қум ва туз аралашмаларини ҳам учириб юбормоқда. Бунинг натижасида музламалар юзага келган.