Тиниб-тинчимайдиган қўқонликларни рози қилиш, қайси ҳокимларга ҳавас қилиши ва газ йўқлигидан норози бўлиб, бош кўтарган аёллар ҳақида – 3 йилдан буён Қўқон ҳокими сифатида фаолият юритаётган Маруфжон Усмонов Effect.uz сайтига эксклюзив интервью берди.

Халқни рози қила оляпман деб ўйлайсизми?

– Халқни рози қилиш жуда мураккаб. Жуда катта меҳнат. Бу борада масъулият билан биргаликда қатъият ҳам керак деб ўйлайман. Ҳар бир аҳолининг мурожаатини охиригача ўрганиш, унга ечим топиш бу халқни рози қилиш демакдир. Мен ҳаракат қиламан бу масалада муаммолар бўлмаслигига. Бу жараён осон кечмайди. Биронта мурожаатчини хафа қилиб жўнатмаслик энг катта вазифа бўлади.

Видео

Фарзандларингиз ҳокимнинг ўғлиман деб талтайиб кетмаслиги учун уларга қандай танбеҳлар берасиз?

– Бу жуда оғир масала. Чунки, бола тарбияси ҳар бир инсоннинг меваси ҳисобланади. Фарзандларни меҳнатга ўргатиш орқали уларни ўз мақсадларига етишишига йўл очиш жуда муҳим. Кундалик назорат ҳам керак деб ўйлайман. Аввало, ота – онанинг ўзи намуна бўлиб бериши керак. Шунинг учун фарзандларимизга тўғри тарбия беришимизда яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.

Қайси ҳадисни ўзингизнинг шиорингизга айлантириб олгансиз ва унга мутлақ риоя қиласиз?

– Тўғри яшаш, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш, муҳтожларга ёрдам бериш, инсонийлик сифатларини қалбда сақлаш орқали, ҳар битта қилган ишимизни Аллоҳ кўриб турганлигини унутмаслик. “Ҳар бир инсон ўлим маззасини татигувчидир!” деган ҳадис бу ҳаётимизнинг энг катта мазмуни деган бўлардим.