Кеча, 11 март куни Музработ туманида Отабек Сатторий судининг илк қисми бўлиб ўтди.

Effect.uz Ахборот агентлиги журналисти Акмал Эшонхонов блогердан бўлган воқеалар ҳақида батафсил гапириб беришни сўради.

Мен айбимга иқрор эмасман, ҳаммаси уюштирилган, ҳаммаси туҳмат, мен ҳеч кимдан пул олмаганман.

“Hududgaz” катта мафия бўлиб олган. Мен халқни манфаатини кўтариб чиққаним учун шундай шов-шув бўлиб кетди.

Мен фақат халқ манфаати деб юрганман, президентимизнинг одил сиёсатларини ҳамма жойда рўкач қилганман. Бу кўр-корона қилинаётган ишларни юзага чиқарганим учун ману шу ерга олиб келиб қўйишди.

Тўра Боболов мени қаматиш учун бошидан “заказ” қилган, халқни дардини чиқарганим учун уйимга ИИБ ходимларини жўнатиб барча видеоларни ўчиртириб юборган. Мен исботлаб бера олмаслигим учун уйимда тинтув ўтказишган.

Тўра Боболов ички ишларга буюриб, уйимдан мажбуран олиб кетиб, хар-ҳил тазйиқлар ўтказган “Мен сени қамоқда чиритаман, мен сени шундай қиламанки ўзимга кела олмайсан” деб айтган.

Мен эса жим турганман, Термиз ички ишлар бўлими биринчи ўринбосари мени ҳокимиятга олиб борган.

“Ички ишлар ҳодими бўла туриб сиз ҳоким сўкса жим турдингиз” десам “мен сени ҳокимиятга олиб борганим йўқ” деб телефонни қўйиб қўйди.

Шундан кейин, ўша ички ишлар биринчи ўринбосари олдимга келиб, “Ҳа, қалай бўлар экан? Мен сени барибир қаматар эдим” деб айтди.

Мен ЭВСда ўтирар эканман, 20 кун мени битта футболкада ушлаб ўтиришди”, – дейди Отабек Сатторий.

Шундан сўнг, блогер бозорда аслида қандай воқеа юз бергани ҳақида батафсил айтиб берди.

“Бизнинг президентимизнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган  видеоселекторларида арзонлаштирилган ярмакалар ташкиллаштириш кераклигини вилоят прокуратурасига топшириқ берилган эди.

Биз ўша нарсани ёритдик, халқнинг кайфиятини ошириш мақсадида, президентни одилона сиёсатларини амалда қандай олиб борилаётгани ҳақида кўрсатмоқчи эдик. Чунки халқ арзон нарсага боради-да, лекин растарҳлар қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди.

 Ўша ерга борганимизда Шерободда икки ишчи бизни ушлаб олиб, “сизлар ким? Балким сизлар террорист бўлсанг керак, телефонда видеога олиб юрибсан”, деди.

 Ака биз террорист эмас биз блогер дедик ва одамлар тўпланяпти деган вақтимизда. Биттаси келиб кожа курткамни йиртган.

Буни ички ишларга ҳам кўрсатдим, аммо улар инобатга олишмаяпти. Телефонимни қўлимдан тортиб олишди “гоп-стоп” дейилади буни. Телефонимни олиб кетишди. Биз уларнинг изидан бордик, лекин улар беришмади.

Ўша ерда турган ИИБ ходимига оғзаки мурожаат қилдик. Президентимиз айтганлар “оғзаки мурожаат, ҳам мурожаатга киради” деганлар лекин ИИБ ходими буни инобатга олмади. Шундан кейин туман ҳокимини олдига бордик, ҳоким ҳаммани оёққа турғазди.

Ҳокимнинг ўзи шахсан мендан телефонинг нима бўлди? Деб сўради. Телефон олиб беришгани йўқ дедим.

Мен  бўлмасам, ёрдамчимга айтаман телефоннингни олиб беришади деди. Уйга қайтиб турган вақтимда телефонимни сенцори ишламай қолди.

Бу воқеадан кейин ички ишлар ходими дўстларимни шпион сифатида ишлатишди”, – деб қўшимча қилди Сатторий.

Эслатиб ўтамиз, Мазкур суд ишида блогер Отабек Сатторий хусусида қуйидаги айбловлар ўқиб эшиттирилди:

1. Жорий йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» маҳалласида яшовчи тумандаги «Чинора Гул Барака» МЧЖ раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан О.Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада О.Сатторий қиймати 5 млн. сўмлик «Vivo-X50» телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган.

30 январь куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган.

2. О.Сатторий «Термизшаҳаргаз» таъминоти бўлимида «Суюлтирилган газ» хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиши ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1.500.000 сўм беришини талаб қилган.

3. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

4. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг «Шахринав» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

5. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг «Чилонзор» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича О.Сатторийга нисбатан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

6. О.Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар “Истиқлол” кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилиб, онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар “Саломатлик” кўчасидаги 1-уй ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234.835.000 сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 млн. сўм бўлган 2 хонали ва 431 млн. сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилиб, «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ томонидан “Истиқлол” кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган.

Бу ҳолатда 245.165.000 сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 млн. сўм пулларни (жами 549.165.000 сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган.

7. Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалда зиддиятда бўлиб келган Сабоҳат Равшанова орқали М.Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган.

8. Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Н.Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаб, туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни «Telegram» мессенжери ва «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Халқ фикри» гуруҳ ва каналларига жойлаштирганлиги ҳолати юзасидан 24 февраль куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

“Очиқ суд мажлисида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Жабрланувчилар фикрлари тингланмоқда. Айбланувчи эса айбловларни рад этмоқда. Айни пайтда ҳам очиқ суд мажлиси тўхтагани йўқ”,

Суд танаффус эълон қилди ва кейинги суд 17 март соат 10:00 да бўлиб ўтади.