Блогер Отабек Сатторий Бугун, 11 март куни Музработ туманида Отабек Сатторий судининг илк қисми бўлиб ўтди.

Суднинг илк қисмида жабрланувчилар тингланди. Effect.uz Ахборот агентлиги ўзининг  Youtube саҳифасида очиқ суддан жонли эфир қилди.

Бироқ танаффусдан кейин, суднинг ажрим қарори билан жонли эфирда намойиш этишга рухсат берилмади.  Бу ҳақда жараённи бевосита ёритиб борган журналист  Акмал Эшонхонов маълум қилди.

EFFECT.UZ

Маълум бўлишича, аввалроқ Сатторийга нисбатан ЖКнинг 3 моддаси бўйича айбловлар қўйилган бўлса, суд жараёнида унга 8 та айблов қўйилган.

EFFECT.UZ

Мазкур суд ишида блогер Отабек Сатторий хусусида қуйидаги айбловлар ўқиб эшиттирилди:

1. Жорий йилнинг 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» маҳалласида яшовчи тумандаги «Чинора Гул Барака» МЧЖ раҳбари Л.Тўраевнинг вилоят ИИБга берган аризасига биноан 30 январь куни вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан О.Сатторийга нисбатан тезкор тадбир ўтказилган.

Натижада О.Сатторий қиймати 5 млн. сўмлик «Vivo-X50» телефон аппаратини аризачидан олаётган вақтида қўлга олинган.

30 январь куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан 220001-2021-1-сонли жиноят иши қўзғатилган.

2. О.Сатторий «Термизшаҳаргаз» таъминоти бўлимида «Суюлтирилган газ» хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Тўхтамиш Кўчаровни шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатилиши ҳолати видео тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 1.500.000 сўм беришини талаб қилган.

EFFECT.UZ

3. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиали директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ўткир Турдиевни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Сурхондарё вилояти филиалининг шаҳар ва туман бўлимларидаги аҳолига газ баллонлар тарқатилишида ва бошқа салбий ҳолатлар юзасидан тайёрланган видеороликларни ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

4. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Денов тумани бўлими ҳайдовчиси Ашур Худойқуловни туманнинг «Шахринав» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатиш видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

5. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Бойсун тумани бўлими ҳайдовчиси Зокиржон Хурсановни туманнинг «Чилонзор» маҳалласига суюлтирилган газ баллонларни аҳолига тарқатаётган ҳолат видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига ундан 200 АҚШ доллари сўрагани бўйича О.Сатторийга нисбатан ЎзР ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

6. О.Сатторий 2020 йилнинг июнь ойида Термиз шаҳар “Истиқлол” кўчасида кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошираётган «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов ҳамда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевдан, шаҳар ҳудудида ва қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларни видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга чиқариш билан таҳдид қилиб, онаси Х.Исломованинг номига расмийлаштирилган Термиз шаҳар “Саломатлик” кўчасидаги 1-уй ва синглиси С.Сатторий номига расмийлаштирилган 1 А-уйларнинг бузилиши натижасида тўлаб берилган 234.835.000 сўм пуллар эвазига шаҳар ҳудудидан янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 та (нархи 352 млн. сўм бўлган 2 хонали ва 431 млн. сўм бўлган 3 хонали) хонадонни расмийлаштириб беришни талаб қилиб, «Термиз эко экспресс лойиҳа» МЧЖ томонидан “Истиқлол” кўчаси 6-уйдан 2 ва 3 хонали хонадонларни ўзининг номига расмийлаштиришга эришган.

Бу ҳолатда 245.165.000 сўмни кўрсатилган хонадонлар учун МЧЖ ҳисоб рақамидан товламачилик йўли билан тўлов қилдирган ҳамда шартномада кўрсатилмаган 304 млн. сўм пулларни (жами 549.165.000 сўм) эса шаҳар ҳокими И.Худойбердиев тўлашига мажбур қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси томонидан О.Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-модда 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилган.

7. Термиз шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали кадрлар бўлими бошлиғи Мастона Аҳмедова билан аввалда зиддиятда бўлиб келган Сабоҳат Равшанова орқали М.Аҳмедовага нисбатан шарманда қилувчи сохта ҳамда асоссиз маълумотлар асосида видеоматериал тайёрлаган.

8. Давлат хизматлари агентлиги Денов тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ходими Насиба Нарбоева билан аввалдан зиддиятда бўлиб вақтинча ишсиз, Саодат Воҳидова орқали Н.Нарбоеванинг ўз хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ вазиятда уни пора олганликда айблаб, туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган видеороликлар тайёрлаб, уларни «Telegram» мессенжери ва «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Халқ фикри» гуруҳ ва каналларига жойлаштирганлиги ҳолати юзасидан 24 февраль куни О.Сатторийга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўшимча айбловлар киритилган.

“Очиқ суд мажлисида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Жабрланувчилар фикрлари тингланмоқда. Айбланувчи эса айбловларни рад этмоқда. Айни пайтда ҳам очиқ суд мажлиси тўхтагани йўқ”,

Суд танаффус эълон қилди ва кейинги суд 17 март соат 10:00 да бўлиб ўтиши ҳақида айтилди.

Отабек Сатторий иши…

2021 йил 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» МФЙда яшовчи фуқаро Лочин Т. ИИБ бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Аризачи 2020 йилнинг декабрь ойида Шеробод туман ҳокимлиги томонидан у раҳбарлик қиладиган Шеробод туманида жойлашган “Чинора Гул барака” деҳқон бозорида озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этиш топшириғи берилганлигини, ушбу ярмаркадаги камчиликларни бартараф этиш жараёнида ўзини блогер Сатторий Отабек деб таништирган шахс бозордаги ушбу камчиликларни телефонига тасвирга олгани ҳақида баён қилган.

Аризада таъкидланишича, 2021 йил 28 январь куни блогер Отабек Лочин Т.га қўнғироқ қилиб, бозорни видеотасвирга олиш жараёнида ўзи фойдаланиб юрган Redmi 5 русумли телефони синиб қолганлигини, агарда унга бир дона янги Vivo-Х50 русумли телефон аппаратини олиб бермаса, бозордаги салбий ҳолатлар туширилган видеотасвирларни интернетда тарқатиб юбориши билан таҳдид қилган.

Лочин Т. ҳолат юзасидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, ИИБга у билан бўлган сўзлашувларни тақдим қилган.

Таъкидланишича, олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро Отабек С. Лочин Т.дан уйининг олдида товламачилик йўли билан махсус кимёвий ишлов берилган нархи 5 040 000 сўм бўлган бир дона Vivo-Х50 русумли уяли телефон аппаратини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Олий суд О.С ҳақида баёноти

EFFECT.UZ

Блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмади ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди. Яъни, 2021 йил 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ёпиқ суд мажлисида Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган, ижтимоий тармоқларда “блогер, фаол фуқаро” дея тавсифланаётган О.С.га нисбатан Термиз шаҳар прокуратурасининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси суд томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.

11 январь куни Бош прокуратура блогер Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди:

EFFECT.UZ
Бош прокуратура Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмаган. Шунингдек, тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

“Тергов органига 7 та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қайд этилишича, суд Сатторийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-(туҳмат), 41-(ҳақорат қилиш), 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) билан айбли деб топган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган. Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб, 29 январь куни ҳибсга олинди. Депутат Расул Кушербаев блогернинг қўлга олинишига ўз муносабатини билдириб, бу ҳолатни “амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир” деб таърифлаганди.

“Юқоридаги расмдаги бола сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий. У яқинда Қизириқ туманидаги фермерлар Олий Мажлисга келганида мен билан учрашиб, танқидий чиқишлари учун Сурхондарёдаги амалдорларнинг босимлари ҳақида айтиб, ёрдам сўраганди.

Унинг айтишича, Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб, уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган.

Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги зўравонлик бўйича туман ҳокимига учраган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни Интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан.

Қонунларимизнинг адолатли ва инсонпарвар эканлигига ишонган мен содда депутат эса Отабекка: ‘Майли, сиз синдирилган телефонингизни олинг, лекин бозордаги зўравонлик учун бозор бошлиғи жавоб бериши керак. Аризангиз натижасиз қолса, менга мурожаат юборинг. Ўзбекистонда Президент сиёсати сабаб очиқлик бўлмоқда, Сурхондарёда амалдорлар қонунларга қарамаса ҳам, Президент сиёсатига қарши чиқмаса керак’ – деб, кўнглини кўтариб жўнатиб юборибман.

Бугун эса худди ўша блогер синдирилган телефони ўрнига товон тариқасида олган телефонини деб товламачиликда айбланмоқда. Балки ‘виждонини ютган’лар яна нималардир бўйнига қўйишар. Зўравонлар эса жазосиз қолмоқда. Эшитишимча, Отабекнинг ИИБга берган аризаси ҳам йўқ бўлиш арафасида.

Ўз вақтида унинг огоҳлантиришига жиддий эътибор бермаганимдан афсусдаман. Мен бунчалик пасткашликка борилмас, деган ўйда эдим. Афсус…

Биласизми, бу амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир. Биз ҳозир жим кузацак, эртага ҳар биримиз танқидлар учун товламачиликда айбланишимиз мумкин”, деб ёзади депутат.

Блогернинг ҳибсга олиниши юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирди.

EFFECT.UZ

“Қонунни бузишга на журналист ва на блогер ҳақли. Мен бу ҳақда кеча ўз фикримни билдирдим. Лекин нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти?

Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида ‘ҳурмат-эҳтиромми’? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими? Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди?

Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз”, деган Алламжанов.

Кейинроқ Олий суд ушбу блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмагани ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилгани маълум бўлганди. Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров Gazeta.uz’га берган интервьюсида у ишни уюштирилган деб ҳисоблашини айтган.

“Агар тергов органи прокуратура билан биргаликда ўз юзини йўқотишни истамаса, унда жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида баёнот билан уни озод қилиши керак. Ҳозирда улар бошқа бир қонунбузарлик фактини ‘яратиш’ билан банд деб қўрқаман… Ҳозир Отабек бутун тизим унга қарши ишлаяпти, деб ҳисобламоқда”, деган адвокат.

1 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни якунлади ва жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун вилоят прокуратурасига юборди.

EFFECT.UZ

Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнида у 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.га нисбатан туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги аниқланган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (такроран ёки хавфли рецедевист томонидан кўп миқдорда товламачилик қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, дастлабки тергов тамомланган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов:

“Отабек Сатторий ҳақида гапирадиган бўлсам, у охирги икки йил ичида ижтимоий тармоқлар орқали пайдо бўлди. У болани яхши танимас эдим. Бир куни менга рус тилини биласизми? Кетмон, уроқ  ушлаганмисиз? – деб савол берди. Тўғриси, мен кетмон ушлаб юрганимда у ҳали туғилмаганди. Рус тилига келадиган бўлсак, хоҳлаган рус билан бемалол гаплаша оламан.

Қолган сўзларига эътибор бермадим. Отабек муаммоларни олиб чиқди, чиқмади эмас. Ўзим ҳам у кўтарган муаммолар ечимини топишга интилдим. У айтган маҳаллаларга бордим. Ҳатто раҳмат ҳам айтдим. Охирги вақтлар шаънимга тегадиган сўзлар билан мурожаатлар йўллашни бошлаганди.

Мен унга “ўйлаб гапиргин, вилоят ҳокимиман сал ҳурмат сақлагин” деб айтдим. Охири шу бола билан тенглашиб ўтирмай дедим. Ҳаддидан ошса ҳам индамадим. Отабекни ёмон  демаган бўлардим. У ҳам фуқаролар учун ишлаган.  Озми, кўпми муаммоларни бизга кўрсатиб берган. Аммо бироз шошқалоқлиги, ўйламай иш тутиши унга панд берди.

Отабекнинг баъзи саволларидан жаҳлим чиққан бўлиши мумкин. Бироқ, унинг ҳозирги ҳолатини душманимга ҳам раво кўрмайман. У ҳам оилали, фарзандлари бор. Қолаверса, ота – онасига жуда оғир.  Балъки, эҳтиросга берилгандир, ҳали ёш. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг жазосини енгиллаштира олса, ёрдам беришса, яхши бўларди!” – деди Тўра Боболов.