Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 2 минг 685 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, улар сафидан деҳқончилик қилиш истагини билдирган ёшларга Термиз тумани ҳудудидан серунум сувли экин майдони ажратиб берилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Термиз туманининг Янгиариқ ҳудудида жойлашган “Baduk alliance impex ” МЧЖ даласидан 15 гектар ер майдони 30 нафар шаҳарлик ёшларга 50 сотихдан бўлиб берилган.

Шунингдек, вилоят ҳокими Тўра Боболов ажратиб берилган ер майдонида қовун, тарвуз ва помидор етиштириб, даромад олмоқчи бўлган йигит-қизлар билан учрашиб, уларга ўз таклиф ва тавсияларини берган.

“Воҳада ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, деҳқончилик қилиш учун берилаётган экин майдонларидан оқилона фойдаланиб, мўл ҳосил етиштириш ва даромад топиш, халқимиз дастурхонини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш ҳақида фикр алмашди.

Ёш деҳқонларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. Ҳозиргача вилоятда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар сафидан деҳқончилик қилиш истагини билдирган 7 мингдан ортиқ ёшга 2 минг гектардан зиёд экин майдони ажратиб берилди. Бу тадбир барча туманларда давом этмоқда”, дейилади ҳокимлик хабарида.