Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари, президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров жорий йилнинг 13 февраль, шанба куни мотоциклни бошқараётиб, Тошкент шаҳрининг Мустақиллик шоҳ кўчасида, “Пушкин” метро бекати яқинида Epica русумли автомобиль билан тўқнашиб кетган эди. Айни вақтда Умаров Жанубий Кореяда даволанмоқда. Унинг операцияси 4 март куни бўлиб ўтиши айтилган.

Йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган Epica ҳайдовчиси Бобур Маматов ўша куни Отабек Умаровни дастлаб танимагани ҳақида гапириб берди.

ЙТҲ вақтида Epica’да Бобур Маматовдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Айни вақтда, у ЙТҲнинг иккинчи иштирокчиси Отабек Умаров эканлигини ўша вақтда билмаган. “Гапнинг очиғи, Аллоҳ кўриб турибди, бу ўша одам эканлигини таниганим ҳам йўқ”, дейди.

Маматовнинг алоҳида таъкидлашича, “асосийси — инсон ҳаёти, асосийси — Аллоҳга минг шукр — одам соппа-соғ, ҳаммаси жойида”.

Шунингдек, Бобур Маматов ҳодиса ҳақида ижтимоий тармоқлар ва бир қатор ОАВларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларни рад этиб, бу хабарларда “кўрган ва эшитганлари ҳақиқатга мутлақо тўғри келмас”лигини маълум қилган. У ҳодиса ҳақида “узуқ-юлуқ ахборот” тарқалишига уларнинг “ўша жойдан тез ғойиб бўлиб қолгани” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

 

“Ўша вақтдаги менинг истагим — мен сабаб шу одамга бирор кор-ҳол бўлиб қолмасин, уни тезроқ касалхонага етказиш керак, ҳолатини тезроқ билиш керак. Тез ҳаракат қилиш керак эди. Исталган жой қонагач, у жойни тўхтатмаса бўлмайди. Кутиб ўтиришга вақт йўқ эди. Шунинг учун дарҳол машинамга ўтказиб, олиб кетилди. Мен уни дастлаб кимлигини билганим йўқ. Тўғриси, уни бир кўришда танимадим”, дейди Маматов.

Бобур Маматов ҳодиса ЙТҲ иштирокчиларидан бирининг тезлиги юқори бўлгани оқибатида юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни ҳам инкор этади.

“Катта тезлик, дейишди. Шаҳарда машинада юрадиганларнинг ҳаммаси билади — соат 17:00 дан 20:00—21:00 гача шаҳарда юриб бўлмайди. Катта тезликда ҳам юриб бўлмайди”, деди Epica’нинг эгаси.

Бизга маълум бўлишича, Отабек Умаров ҳозирда Жанубий Кореяда даволанмоқда, шу кунга қадар у икки ҳафталик карантинда сақланган. 4 март унинг операцияси ўтказилиши керак эди.

Маълумот учун, 2019 йилда Отабек Умаров Tesla автомобили тезлигини 201 километргача чиқаргани кўринган видеони Instagram’нинг Stories бўлимига жойлаганди. Шундан сўнг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−3-моддаси 3-қисмига (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юборганлиги) асосан унга нисбатан 1,8 миллион сўм қўлланилган. Отабек Умаровнинг қонун ҳамма учун баробарлигини билдириб, жарима квитанцияси суратини ижтимоий тармоқда эълон қилганди.