Ўзбекистонда иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсияларини олиш ҳуқуқига эга эмас  ва уларнинг ижтимоий таъминланиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўяди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Фуқароларнинг “Давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги  қонунининг 7-моддасига мувофиқ, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёллар 55 ёш, иш стажлари камида 20 йил, эркаклар 60 ёш, иш стажлари камида 25 йил бўлганда эга бўлади. Шунингдек, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Ногиронлик пенсияларни тайинлашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади. 16-моддага кўра ногиронлик гуруҳлари соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади. Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган улар тўғрисидаги Низом асосида ишловчи тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан аниқланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган “Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби”га кўра 7 йилдан кам иш стажига эга бўлган аёллар – 60 ёшга, эркаклар – 65 ёшга етганларида ёшга доир ижтимоий нафақа тайинланади.

Аввалроқ Хорижда ишлаётганларга пенсия қай тартибда ҳисобланиши ва Ўзбекистонда боқувчисини йўқотганлик пенсияси кимларга берилиши хабар қилинган эди. шунингдек, Ўзбекистонда уй бекалари ҳам пенсия олиши маълум қилинган.