Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова билан “Фарғонада биттагина” қўшиғига рақс тушди.

Маълум қилинишича, тадбирда Хайрулло Бозоров Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова билан бир дастурхон атрофида ўтириб, мулоқот қилган ва у билан боғлиқ бир воқеа ҳақида сўзлаб берган.

“Лола опа билан ўтириб, битта воқеа эсимга тушиб қолди. Кулишиб опага эслатдим. Назаримда, яратган эгам олдинроқдан Фарғонага келишимга бир белги бериб қўйганга ўхшайди. Наманганда ҳоким бўлиб ишлаб юрган пайтимда, Қўқондаги фестивалга келгандик. Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг концерт қисмида Андижон, Наманган вилояти ҳокимлари ҳам таклиф қилинганмиз.

Биринчи қаторда, муҳтарам президентимиз қаторларида ўтирибмиз. Ёнимда Лола опа борлар. ‘Келинг, Қаҳрамонсиз, ёнингизда ўтирай’ деб бирга ўтиргандим. ‘Наманганнинг олмаси’ қўшиғи янграб қолди. Раҳбарият менга қараб, ўйнашга ундашди. Ўртага чиқиб қарасам беш минг одам менга қараб турибди. Йиқилиб қолмай дея, Лола опага ‘ёрдамга, ‘поддержка’га чиқинг, икковимиз бир ўйнайлик’ дедим. Шунақа қилиб Лола опа билан бирга ўйнаганмиз.

Бу ҳам бежиз бўлмаган экан. Шунга Абдужалил Қўқоновдан бугун илтимос қилдим, кетмай туринг деб. Майли, ‘Наманганнинг олмаси’ бўлмаса ҳам, ‘Фарғонада биттагина’га ўйнайлик опа билан, жуфт бўлсин. Олдин Наманганнинг ҳокими сифатида ўйнаган эдим, энди Фарғона вилояти ҳокими сифатида ҳам бирга ўйнайлик”, деган вилоят ҳокими.

Шундан сўнг Хайрулло Бозоров ва Лолахон Муротова “Фарғонада биттагина” қўшиғига рақс тушган.

Тадбирда давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, ўзларининг юксак самарали меҳнати билан ўрнак кўрсатган 22 нафар хотин-қизга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилган. Шунингдек, бир гуруҳ фаол хотин-қизлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган.