Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри кўчаларида янги русумдаги Cаptiva автомобили акс этган фото ва видеолар тарқалди. Фойдаланувчилар томонидан янги Cаptiva Ўзбекистонда қачондан ишлаб чиқарилиши, унинг қандай имкониятларга эгалиги ва бошқа турли саволлар қолдирилган.

UzAuto Motors компанияси матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова бу ҳақда алоҳида тўхталиб, Effect.uz мухбири Аброр Поёновга ушбу янги Cаptiva'нинг UzAuto Motors компаниясига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, кимдир ўз шахсий эҳтиёжи учун чет мамлакатдан олиб келган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Сал аввалроқ, UzAuto Motors компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов компанияда ишлаб чиқарилаётган барча автомобиллар нархини пасайтириш режалаштирилганлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors  9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модел ва модификацияга қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди.