Термиз шаҳрида истиқомат қилиб, Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ижтимоий тармоқлар орқали ёритган блогер Отабек Сатторийнинг суд жараёнлари бошланадиган кун аниқ бўлди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири блогернинг яқинларига таяниб хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 март куни Сурхондарё вилояти жиноят ишлари буйича Музработ туман судида Отабек Сатторийга қўйилган айбловлар бўйича суд мажлиси бўлиб ўтади. Суд очиқ ёки ёпиқ бўлиши тўғрисида айни вақтда маълумотлар йўқ.

Маълумот учун, январнинг сўнгги кунлари ижтимоий тармоқларда Отабек Сатторийнинг қўлга олиниш жараёни акс этган видеолавҳа тарқалди. Тергов департаменти орадан вақт ўтиб бу ҳақида баёнот берди.

Айтилишича, 2021 йил 29 январь куни Шеробод тумани «Қўрғон» МФЙда яшовчи фуқаро Лочин Т. ИИБ бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Аризачи 2020 йилнинг декабрь ойида Шеробод туман ҳокимлиги томонидан у раҳбарлик қиладиган Шеробод туманида жойлашган “Чинора Гул барака” деҳқон бозорида озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этиш топшириғи берилганлигини, ушбу ярмаркадаги камчиликларни бартараф этиш жараёнида ўзини блогер Сатторий Отабек деб таништирган шахс бозордаги ушбу камчиликларни телефонига тасвирга олгани ҳақида баён қилган.

Аризада таъкидланишича, 2021 йил 28 январь куни блогер Отабек Лочин Т.га қўнғироқ қилиб, бозорни видеотасвирга олиш жараёнида ўзи фойдаланиб юрган Redmi 5 русумли телефони синиб қолганлигини, агарда унга бир дона янги Vivo-Х50 русумли телефон аппаратини олиб бермаса, бозордаги салбий ҳолатлар туширилган видеотасвирларни интернетда тарқатиб юбориши билан таҳдид қилган.

Лочин Т. ҳолат юзасидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, ИИБга у билан бўлган сўзлашувларни тақдим қилган.

Таъкидланишича, олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро Отабек С. Лочин Т.дан уйининг олдида товламачилик йўли билан махсус кимёвий ишлов берилган нархи 5 040 000 сўм бўлган бир дона Vivo-Х50 русумли уяли телефон аппаратини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Шундан сўнг, Олий суд О.С ҳақида баёнот бериб, жумладан, шундай важларни келтирди:

Блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмади ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди. Яъни, 2021 йил 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ёпиқ суд мажлисида Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган, ижтимоий тармоқларда “блогер, фаол фуқаро” дея тавсифланаётган О.С.га нисбатан Термиз шаҳар прокуратурасининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси суд томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.

11 январь куни Бош прокуратура блогер Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди:

Бош прокуратура

Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмаган. Шунингдек, тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.

“Тергов органига 7 та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қайд этилишича, суд Сатторийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-(туҳмат), 41-(ҳақорат қилиш), 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) билан айбли деб топган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган. Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда айбланиб, 29 январь куни ҳибсга олинди. Депутат Расул Кушербаев блогернинг қўлга олинишига ўз муносабатини билдириб, бу ҳолатни “амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир” деб таърифлаганди.

“Юқоридаги расмдаги бола сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий. У яқинда Қизириқ туманидаги фермерлар Олий Мажлисга келганида мен билан учрашиб, танқидий чиқишлари учун Сурхондарёдаги амалдорларнинг босимлари ҳақида айтиб, ёрдам сўраганди.

Унинг айтишича, Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб, уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган.

Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги зўравонлик бўйича туман ҳокимига учраган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни Интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан.

Қонунларимизнинг адолатли ва инсонпарвар эканлигига ишонган мен содда депутат эса Отабекка: ‘Майли, сиз синдирилган телефонингизни олинг, лекин бозордаги зўравонлик учун бозор бошлиғи жавоб бериши керак. Аризангиз натижасиз қолса, менга мурожаат юборинг. Ўзбекистонда Президент сиёсати сабаб очиқлик бўлмоқда, Сурхондарёда амалдорлар қонунларга қарамаса ҳам, Президент сиёсатига қарши чиқмаса керак’ – деб, кўнглини кўтариб жўнатиб юборибман.

Бугун эса худди ўша блогер синдирилган телефони ўрнига товон тариқасида олган телефонини деб товламачиликда айбланмоқда. Балки ‘виждонини ютган’лар яна нималардир бўйнига қўйишар. Зўравонлар эса жазосиз қолмоқда. Эшитишимча, Отабекнинг ИИБга берган аризаси ҳам йўқ бўлиш арафасида.

Ўз вақтида унинг огоҳлантиришига жиддий эътибор бермаганимдан афсусдаман. Мен бунчалик пасткашликка борилмас, деган ўйда эдим. Афсус…

Биласизми, бу амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир. Биз ҳозир жим кузацак, эртага ҳар биримиз танқидлар учун товламачиликда айбланишимиз мумкин”, деб ёзади депутат.

Блогернинг ҳибсга олиниши юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирди.

“Қонунни бузишга на журналист ва на блогер ҳақли. Мен бу ҳақда кеча ўз фикримни билдирдим. Лекин нима учун энг хавфли жиноятчидек унинг уйида тинтув ўтказилди, нима учун у кўплаб одамлар билан олиб кетилди, нима учун суд ёпиқ бўляпти?

Барча товламачиликда гумон қилинган фуқароларга шунақа муносабат қилинадими? Ёки блогер бўлгани учун шундай алоҳида ‘ҳурмат-эҳтиромми’? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу масала юзасидан изоҳ бериши шарт. Методлар қачон ўзгаради? Босиб олиб кетмай, идорага қонуний чақирув қоғози билан чақирилса, келмас эдими? Эҳтиёт чораси сифатида нима учун энг оғири, қамоқ танланди?

Қонун ҳамма учун баробар экан, орган ходимлари ҳам ошириб юборишмасин. Бизнинг жамоат фондимиз бундай хатти-ҳаракатни кескин қоралайди. Бош прокуратурадан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз”, деган Алламжанов.

Кейинроқ Олий суд ушбу блогерга қўйилган айблов ўзгартирилмагани ва прокуратуранинг блогерга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилиши ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилгани маълум бўлганди. Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров Gazeta.uz’га берган интервьюсида у ишни уюштирилган деб ҳисоблашини айтган.

“Агар тергов органи прокуратура билан биргаликда ўз юзини йўқотишни истамаса, унда жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида баёнот билан уни озод қилиши керак. Ҳозирда улар бошқа бир қонунбузарлик фактини ‘яратиш’ билан банд деб қўрқаман… Ҳозир Отабек бутун тизим унга қарши ишлаяпти, деб ҳисобламоқда”, деган адвокат.

1 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни якунлади ва жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун вилоят прокуратурасига юборди.

Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнида у 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.га нисбатан туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги аниқланган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 24 февраль куни Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (такроран ёки хавфли рецедевист томонидан кўп миқдорда товламачилик қилиш), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, дастлабки тергов тамомланган.