Effect.uz ахборот агентлиги ходимлари Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашувда ҳибсхонада сақланаётган блогер Отабек Сатторий ҳақида вилоят ҳокимининг фикрлари билан қизиқди.

Боболов Жиноят кодексининг уч моддаси билан айбланиб, 11 март куни суд жараёни бошланиши кутилаётган блогер ҳақида шундай деди:

“Отабек Сатторий ҳақида гапирадиган бўлсам, у охирги икки йил ичида ижтимоий тармоқлар орқали пайдо бўлди. У болани яхши танимас эдим. Бир куни менга рус тилини биласизми? Кетмон, уроқ  ушлаганмисиз? – деб савол берди. Тўғриси, мен кетмон ушлаб юрганимда у ҳали туғилмаганди. Рус тилига келадиган бўлсак, хоҳлаган рус билан бемалол гаплаша оламан.

Қолган сўзларига эътибор бермадим. Отабек муаммоларни олиб чиқди, чиқмади эмас. Ўзим ҳам у кўтарган муаммолар ечимини топишга интилдим. У айтган маҳаллаларга бордим. Ҳатто раҳмат ҳам айтдим. Охирги вақтлар шаънимга тегадиган сўзлар билан мурожаатлар йўллашни бошлаганди.

Мен унга “ўйлаб гапиргин, вилоят ҳокимиман сал ҳурмат сақлагин” деб айтдим. Охири шу бола билан тенглашиб ўтирмай дедим. Ҳаддидан ошса ҳам индамадим. Отабекни ёмон  демаган бўлардим. У ҳам фуқаролар учун ишлаган.  Озми, кўпми муаммоларни бизга кўрсатиб берган. Аммо бироз шошқалоқлиги, ўйламай иш тутиши унга панд берди.

Отабекнинг баъзи саволларидан жаҳлим чиққан бўлиши мумкин. Бироқ, унинг ҳозирги ҳолатини душманимга ҳам раво кўрмайман. У ҳам оилали, фарзандлари бор. Қолаверса, ота – онасига жуда оғир.  Балъки, эҳтиросга берилгандир, ҳали ёш. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг жазосини енгиллаштира олса, ёрдам беришса, яхши бўларди!” – деди Тўра Боболов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбловлар қўйилгани ва айнан жиноят иши бўйича суд Музработ туманида 11 март куни бошланиши ҳақида хабар берган эдик.