Маълумки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакат бошқарувида одиллик, шаффофлик, ҳаққонийлик каби адолат тамойиллари асосида иш олиб бормоқда.
Етарлича меҳнат қилмаётган, «мудраб ётган» мансабдор шахсларни танқидга олиб «уйғотиб» қўяётгани барчага аён. Фарғонага, айниқса, Наманган вилоятига бўлган ташрифида вилоят ҳокимидан тортиб прокурор, маҳалла раисигача «бир сафга тизиб қўйди». Вилоятдаги «Бунёдкор» маҳалласида ҳолат яхши эмаслиги, аҳолида муаммолар кўплиги ҳамда МФЙ биноси жойлашган ҳудуд талабга жавоб бермайдиган даражада эски, хароба экани бунга бош сабаб бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ташрифдан сўнг вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур маҳаллага кўчиб бориб, ундаги ҳолатни яхшилаш мақсадида контейнерли уй қуриб вақтинчалик «ҳокимият биноси»га айлантириб ишни шу тарзда бошлади. Вақт ўтиб бу республика бўйлаб ҳокимлар учун яхшигина «мастер класс» бўлди ҳам. Ушбу усулни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов биринчилардан бўлиб амалда қўллади ва «Давлатбой» маҳалласига вагон ўрнатиб ўз штабини ташкил этди. Ундан кейин Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев «Калгандарё» маҳалласидан 2 сотих жой ажратиб ўз контейнер(вақтинчалик иш жой)ини ўрнатди. Ҳоким контейнерда яшашни ва шу ерда аҳолининг қийнаётган муаммоларни ҳал этмоқчи.
Шу жойда саволлар туғилиши табиий. Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш учун ўша ерда яшаш шартми? Ёки муаммолар «катталар» ўз кўзи билан кўрмагунча бартараф этилмайдими?
Бу – ортиқча сар-харажат эмасми?!
Ёки улар «Амалдорлар контейнерли уйда» деган челленж бошлашдими?
Нима бўлса ҳам муаммолар ижобий якун топиб, бартараф этилса бўлди.
Аслида ҳудудлардаги муаммолар учун ким масъул ҳисобланади? Президентми? Йўқ! Қачонгача президент танқид қилсагина, у топшириқ берсагина масъул шахслар мудраб ётган уйқусидан уйғонади?! Уларни тез-тез турткилаб туриш шартми? Ёш гўдак эмаску. Ахир улар юксак ишонч билан сайланган, тайинланган шахслар эмасми?
Масъулият иммунитети нега камайиб кетмоқда? Бу саволга ОАВ ёки давлат раҳбари эмас, ҳар бир мутасадди раҳбар жавоб берсин!
Уйқудан кўз очиш учун ёмон туш кўриш ёинки биров уйғотиши шартмас, юқорида айтилганидек масъулиятни оширилса бўлгани.
Кейинги масала, ижтимоий тармоқларда оммалашган «бай, бай» челленжи.
Маҳаллабай, ишбай, талабабай, олийгоҳбай, хуллас …бай! Бу – навбатдаги «свежий» челленж.
Маълумот учун, аввалроқ президент мутасаддиларга «маҳаллабай» ишлаш бўйича топшириқ берганди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Тошкентда 5 нафар талабанинг номаълум моддадан заҳарланб вафот этгани ҳамда Тошкент давлат юридик университети талабаси қурилиш объектида бахтсиз ҳодиса туфайли бевақт вафот этганидан сўнг «талабабай» ишлаш тартиби ҳақида иш олиб борилишини, ҳар бир ижарадаги, ётоқхоналардаги талабалар шароити ўрганилиши тўғрисида айтиб ўтди.
Яна бир савол! Бундай тизимлар кимдир қурбон бўлсагина ундан кейин йўлга қўйиладими?!
Миллий тикланиш демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Олий таълимдаги муаммоларни ҳал этиш, вазиятни яхшилаш, тизимни ўзгартириш учун «олийгоҳбай» ишлаш ҳақида ўзининг позициясини маълум қилди.
2020 йилда ҳам ижтимоий тармоқларда «дафтаристон» номли кўплаб постларга кўзимиз тушган. Давлат томонидан ташкил этилган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳаттоки МФЙлар чет давлатдаги фуқаролар (рўйхатини) дафтарини ҳам ташкил этганди. Буларни ёмон томони йўқ. Фақатгина бу ислоҳотлар ўз самарасини бераётган бўлса бас.
Ўзбекистон – «Дафтаристон»га айланмасин. Қоғозлардаги ислоҳотлар амалда ҳам ўз тасдиғини топсин!
Хуллас, халққа челленж орқали вақтинчаликка, кўзбўямачиликка, пиар учун бажарилаётган ишлар керак эмас. Бизга, халққа, давлатга натижа керак, НАТИЖА!

Ойбек ЮСУПОВ EFFECT.UZ журналисти