TikTok ижтимоий тармоғи ўз жонига қасд қилиш ёки ўз-ўзига зарар етказишни тасвирловчи, тарғиб қилувчи ёки бунга одатий ҳол деб қарайдиган контентларни ўз платформасидан олиб ташлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Meduza'га таяниб Дарё хабар берди.

Фойдаланувчиларнинг хавфли челленжларда иштирок этишига йўл қўймаслик мақсадида бундай контентларда белгиланадиган хештеглар ҳам блокланмоқда. Шунингдек, биз фойдаланувчилар ва ташкилотлардан TikTok'да топилган ҳар қандай ноўрин контент ҳақида шикоят юборишларини сўраймиз», — дейилади ижтимоий тармоқ хабарида.

Шу тарзда, ижтимоий тармоқ вакиллари фойдаланувчиларнинг тармоқда ўспиринларнинг ўз жонига қасд қилишга ундовчи чақириқларни тарқатаётгани, шу муносабат билан Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин текширув ўтказишни буюргани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Маълумот учун, 2 март куни Россиянинг бир қатор шаҳарларида, шу жумладан, Москвада мактаб маъмурияти ота-оналарга ижтимоий тармоқларда ўспиринларнинг ўз жонига қасд қилишига чақирувчи видеороликлар пайдо бўлаётгани тўғрисида огоҳлантирувчи хабарлар юборди. Россия ОАВни назорат қилувчи федерал хизмат («Роскомнадзор») томонидан TikTok'да бундай видеороликларнинг тарқалгани тасдиқланди ва кузатувчи органларнинг аралашувидан сўнг ижтимоий тармоқ ушбу контентларни тармоқдан олиб ташлади. Россия Думаси спикери ўринбосари Ирина Яровая Тергов қўмитасидан болаларнинг ўз жонига қасд қилишига чақирувчи видеороликларни тарқатишда иштирок этганларни топишни сўради.

Аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Telegram/'да ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида маълумот берувчи каналлар блокланганини маълум қилганди. Бунга сабаблардан бири сифатида ушбу каналларда зўравонликка чақириқлар борлигини кўрсатган. Шунингдек, ушбу каналларнинг мавжудлиги мессенжернинг iOS версияси учун фавқулодда янгиланиш функциясининг ишлашига имкон бермаган. Дуровнинг ёзишича, Apple бунга норозилик билдирган ва Telegram маъмурияти «муаммоли каналларни блоклашга» қарор қилган.