2021 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини юксалтириш истиқболлари” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Сенат аъзолари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Хозирда Республикада жами 96 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2020 йилда 906 313 гектар ер майдонига пахта хом ашёси етиштирилди. Бу Республикадаги пахта хом ашёси етиштирадиган умумий ер майдонининг 87,7 фоизини ташкил этади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерлари маҳсулдорлиги ва меҳнат унумдорлиги кўрсаткичлари 2000 йилга нисбатан уч баробардан зиёдроққа ортиб, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ошган бўлса-да, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан паст суръатларда ўсиши таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари рақамли технологияларнинг агросаноат мажмуида қўлланилиши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг рентабеллигини харажатларни аниқ (нуқтавий) мақбуллаштириш ва маблағларни янада самарали тақсимлаш ҳисобига ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” технологиясини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш лозимлигини қайд этишди.