Ўзбекистон Республикасида энди ҳар ой кўчабоши ва уйбошиларга компенсация пуллари тўлаб борилади. Бу Ҳукуматнинг 23 февралдаги қарори билан тасдиыланган низомда ўз аксини топган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 мартдан маҳалла фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50 фоизи (122 минг 500 сўм) миқдорида ҳар ойда компенсация тўланиши белгиланмоқда.

Бунда кўчабоши ва уйбошилар фаолияти самарадорлиги бир қатор асосий кўрсаткичлар орқали баҳоланади. Улар бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой давомида фаолият кўрсатгани инобатга олинади ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда 70 баллдан юқори балл тўплаган тақдирда пул тўланади.

Компенсация пул тўловлари тўланиши кўчабоши ва уйбошилар маҳалла фаолиятида фаол иштирок этмаса муддатидан олдин тўхтатилади. Бунга маблағлар маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилади. Уни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги назорат қилади.