Галеб Оломари исмли канадалик дастурчи Шимолий Кореяда фаолият юритувчи хакерлар билан жиноий тил бириктириб, дунё бўйича бир қанча банклардан қарийб 1,3 миллиард доллар ўғирланишида яқиндан ёрдам берган.

Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, Оломари кибер ҳужумлар натижасида ўғирланган пулларни ювиш билан шуғулланган. Жабрланганлар орасида Ҳолливуд киностудияларидан тортиб АҚШ ҳукуматигача бор.

«Оломари айбига иқрор бўлган ва содир этган қилмиши учун суд томонидан тайинланадиган жазога тайёр» эканини маълум қилган.
Қайд этиш керак, Шимолий кореялик хакерлар WannaCry вирусидан фойдаланган ҳолда АҚШ ҳудудидаги молия муассасалари ва компанияларга кибер ҳужумлар уюштириб, уларнинг ҳисоб рақамларидан жами 1,3 млрд доллар ечиб олишга муваффақ бўлган.
Бу ишни амалга оширган дастурчилар Жон Чан Хек, Ким Ир ва Пак Чин Хек Шимолий Корея хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилгани айтилмоқда. Улар Қўшма Штатлардан ташқари, Вьетнам, Бангладеш, Тайвань, Мексика, Мальта ва Африка давлатларидаги банклардан ҳам маблағларни ва мижозларнинг шахсий маълумотларини ўғирлашган.