Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредитлари бериш тартиби жорий этилиши мумкин.

Лойиҳага кўра, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиалларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.

Кредит фоизлари кредит ажратилгандан сўнг кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ойма-ой тўланади, асосий қарз эса талабанинг ўқиши расман тугагач, уч ой ўтгандан кейин тўлаш бошланади.

Таълим кредити, ўқиш даврини ҳисобга олган ҳолда:
– бакалавр учун 15 йил;
– магистр учун 10 йилгача бўлган муддатга берилади.

Талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда таълим кредитлари учун банк фоизи ставкалари ҳисобланмайди.