Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва кучли қор ёғиши натижасида йўлларда музламалар ҳосил бўлаётгани сабаб Қамчиқ довони юк машиналари учун ёпилганини маълум қилди.

«Довонда айни пайт ҳаво ҳарорати -12 градусни ташкил этмоқда. Ҳозирча енгил автомобиллар ҳаракатланмоқда. Қор ёғиши кучайиб, йўлларда ҳаракатланиш хавф туғдира бошласа, Қамчиқ тўлиқ ёпилиши ҳам мумкин», — дейилади хабарда.

Вазирлик томонидан эълон қилинган видеода «Қамчиқ» махсус-қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи фуқаролардан зарурат бўлмаса довон орқали ҳаракатланмасликни сўраган.